Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Курск областидаги амалиёт чоғида украин ҳарбийлари 594 нафар россиялик аскарни асир олгани ҳақида маълум қилди. Сирскийнинг сўзларига кўра, Россия Курск йўналишига 30 минг ҳарбий ташлашга мажбур бўлган ва бу рақамлар ўсишда давом этмоқда.

«Украина 2024. Независимость» форуми чоғида Сирский Украина қуролли кучлари Курск областига юриш қилишини Россия кучлари Украинанинг чегара ҳудудларини айнан шу йўналишда мунтазам равишда ўққа тутиб келгани билан изоҳлади.

«Бундан ташқари, душман ушбу йўналишга катта миқдорда қўшин тўплаган ва шу йўналишда юриш амалиёти ўтказишни режалаштирганди», — деган бош қўмондон.

«Қўшинларимизнинг муваффақиятли ҳаракатлари туфайли биз алмашув фондини тўлдириб олдик. Бугунги кунга қадар ушбу йўналишда РФ қуролли кучларининг 594 нафар ҳарбий хизматчиси асирга олинган», — деган Сирский.

Россия ҳарбий идораси ҳозирча Украина қуролли кучлари бош қўмондонининг асир тушган россиялик ҳарбийлар ҳақидаги сўзларига муносабат билдирмади.

Дам олиш кунларида Американинг Washington Post газетаси Украина қўшинининг Курск областидаги амалиёти чоғида олинган, россиялик асирлар акс этган видеокадрларни ўрганиб, украин ҳарбийлари РФ армиясининг камида 247 аскарини асир олгани ҳақида хулосага келганди.

Шу билан бирга, мақолада россиялик ҳарбий асирларнинг янги видеолари чиқишда давом этаётгани ва ҳисоблашда фақат мухбирлар тасдиқлай олган кадрлардаги аскарлар ҳисобга олингани айтилган. Шу туфайли газета асир тушган РФ ҳарбийларининг ҳақиқий сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

Мақола муаллифлари россиялик асирларнинг кўпчилиги муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар эканини қайд этишган.

Ўтган ҳафтада BBC мухбирлари Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юриши бошланганидан буён чегарани қўриқлаш учун жойлаштирилган ўнлаб аскарлар алоқага чиқмаётганини аниқлаганди. Ҳарбий комиссариатлар сукут сақлаётган, ҳукумат эса йўқотишлар йўқлиги ҳақида ҳисоб бераётган маҳалда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлардан камида 38 нафари Украина асирлигида ва аллақачон бундай аскарлардан икки нафарининг ўлими тасдиқланган.

BBC очиқ манбалар асосида Курск областида украин ҳарбийлари юриш бошлаганидан кейинги даврда алоқага чиқмай қолган 81 нафар аскарнинг рўйхатини тузган.

24 август куни Украина ва Россия «115 га 115» формуласида навбатдаги асирлар алмашувини ўтказди. Россия телеграм-каналлари маълумотига кўра, бунинг натижасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва Курск областида жанглар бошлангач, асир тушган аскарларнинг бир қисми уйга қайтган.