Ўзбекистон | 18:21 / 28.08.2024
2934
2 дақиқада ўқилади

Сайловларда бир киши “оилавий” овоз бериш ҳолатларининг олди олинади

Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган айрим тузатишлар киритилмоқда.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонуни муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, мазкур қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш, “оилавий” овоз бериш ҳолатларининг олдини олиш ва сайлов кампанияларида молиявий операцияларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган. Қонун орқали Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга сайлов жараёни билан боғлиқ бўлган айрим тузатишлар киритилмоқда.

Хусусан, сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари юзасидан молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутади. Унга кўра, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни cиёсий партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сенаторларга кўра, қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайлов кампанияси вақтида фойдаланилган давлат бюджети маблағлари тўғрисида тезкор ва ишончли ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, сиёсий партияларнинг давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш бўйича молиявий ҳисобдорлик масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид