Жамият | 16:47 / 29.08.2024
6293
2 дақиқада ўқилади

Туркияда 3 йил тутқунликда қолиб кетган ўзбекистонлик аёл қутқарилди

Истанбулга кетиб, 2021 йилдан буён оила аъзоларига алоқага чиқмай қўйган 42 ёшли Ўзбекистонлик аёл Туркия фуқароси томонидан тутқунликда ушлаб турилгани маълум бўлди. Аёл Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси вакиллари ва маҳаллий полиция ёрдамида қутқариб олинди.

21 ёшли Ўзбекистон фуқароси Истанбулдаги Бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат қилиб, 4 йил олдин Истанбул кетган онаси 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтган ҳамда уни топиш, ватанга қайтаришда ёрдам сўраган.

Олиб борилган текширишлар натижасида маълум бўлишича, 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ (Измир яқинида) шаҳрида бўлган. Ўзбекистонлик аёл 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилганлиги аниқланди.

27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, «Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилди. Тадбирда ўзбекистонлик аёл ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб, Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилди.

Истанбулдаги консуллик хабарига кўра, Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаганлиги учун М.Г.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда аёлни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли ишлар давом эттирилмоқда.

Туркиядаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси юртдошларимиздан ёлғон ваъдаларга ишониб эрки ва ҳаётини хавф остига қўймасликни, шу каби вазиятга тушган тақдирда Анқарадаги Ўзбекистон элчихонаси ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат этишини тавсия қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид