Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италияда сайёҳлар учун кунлик солиқ 25 еврогача оширилиши мумкин
Ҳозир мамлакатдаги туристик солиқ миқдори киши бошига 1 евродан 5 еврогача.
Италия ҳукумати ёз мавсумида сайёҳлар оқими ҳаддан зиёд кўпайгани сабабли улар учун туристик солиқларни ошириш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Ҳозир мамлакатда туристик солиқ ҳам чет эллик, ҳам италиялик сайёҳлардан ундирилиши мумкин. Йиғим миқдори меҳмонхона ёки ҳостелда бир кеча тунаш учун киши бошига 1 евродан 5 еврогача бўлади — бу сайёҳ жойлашган маскан неча юлдузли эканига боғлиқ. Энди Италия ҳукумати солиқни ошириш масаласини кўриб чиқмоқда.
Туризм вазири Даниэл Сантанченинг сўзларига кўра, ҳукумат бу ташаббусни сентябр ойида туризм соҳаси вакиллари билан муҳокама қилади ва шундан сўнг солиқларни ошириш зарурати бор-йўқлигини аниқлайди.
“Туризм ривожланиб бораётган даврда бундай чораларни (мамлакат сайёҳлик саноати таклиф этаётган) хизматларни чинакамига яхшилаш ва улар учун ҳақ тўлаётган сайёҳларни янада масъулиятлироқ қилиш мақсадида муҳокама қиляпмиз”, — деди вазир ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Италиянинг йирик меҳмонхоналари ва халқаро меҳмонхона тармоқлари манфаатларини ҳимоя қилувчи Confindustria Alberghi ташкилоти раҳбари Барбара Касило журналистларга қиммат туристик солиқлар “сайёҳларни чўчитиб юбориши” ҳақида огоҳлантирди.
“Бу уларни Европанинг бошқа манзилларини танлашга мажбур қилиши мумкин”, — деди у.
- Аввалроқ Венеция ҳокимияти 1 августдан бошлаб шаҳарга гуруҳ бўлиб ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини 25 нафаргача чеклаш тўғрисида қарор қабул қилганди. Бундан ташқари, энди гидларга экскурсиялар пайтида овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш тақиқланди. Ҳокимият асраб қолиш мақсадида оммавий туризмга қарши курашишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган.
Мавзуга оид
11:00 / 10.06.2026
Ўзбекистон сайёҳлар оқими ўсиши бўйича дунё етакчилари қаторига кирди
11:00 / 10.06.2026
Париж исроиллик вазирга қарши санкциялар жорий қилди
22:05 / 29.05.2026
Италия ҳукумати Сицилия мафиясининг миллионлаб евро активларини мусодара қилди
08:53 / 19.05.2026