Ўзбекистон | 17:34 / 03.09.2024
21599
2 дақиқада ўқилади

«AIF» платформаси бўйича жиноят иши қўзғатилди

Ушбу платформа айни пайтда «ўз фаолиятини номаълум сабабга кўра тўхтатганлиги» ва фойдаланувчиларга «жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганлиги» аниқланган.

3 сентябр куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасига бир гуруҳ фуқаролар томонидан қилинган мурожаатга асосан, ижтимоий тармоқлардаги «AIF» платформаси устидан жиноят иши очилди.

Қайд қилинишича, ушбу платформа айни пайтда «ўз фаолиятини номаълум сабабга кўра тўхтатганлиги» ва мурожаат қилувчи шахсларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганлиги маълум бўлган.

Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 3-қисми «а,в» бандлари (Пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноий ҳодисани ва жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, шунингдек тергов жараёнини тез ва сифатли амалга ошириш мақсадида вилоят ички ишлар органларининг малакали терговчиларидан иборат тергов гуруҳи тузилгани таъкидланмоқда.

Хозирда тергов гуруҳи томонидан мазкур жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони ва уларга етказилган зарар миқдорини аниқлашга киришилган.

Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ушбу платформадан фойдаланиш оқибатида моддий зарар кўрган шахслардан 62 224-56-81 ва 62 224-56-85 рақамлар орқали мурожаат қилишни сўраган.

Аввалроқ, Kun.uz бу муаммога эътибор қаратиб, сўнгги бир неча ойда Ўзбекистонда тарғиботи кучайтирилган шундай «платформалар» ҳақида сўз юритган ва одамларни бундай молиявий пирамидалар тузоғидан эҳтиёт бўлишга чақирган эди.

Мавзуга оид