Ҳиндистонда сохта «шифокор» YouTube’даги видеоларга қараб ўсмирни операция қилди. Бола вафот этди
Фожиадан сўнг шифокор ғойиб бўлган, полиция уни қидирмоқда.
Ҳиндистоннинг Биҳар штатида полиция 15 ёшли беморнинг ўлимида айбланаётган шифокор Ажит Кумар Пурийни қидирмоқда.
NDTV нашрининг хабар беришича, вафот этган ўсмирнинг яқинлари шифокор YouTube видеоларига қараб боланинг ўт пуфагидан тошларни олиб ташлаш операциясини ўтказганини даъво қилмоқда.
ОАВ маълумотларига кўра, фожиа мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Сарай шаҳридаги хусусий клиникада содир бўлган. 15 ёшли Кришна Кумар кўнгил айниши ва қайт қилишдан шикоят қилиб касалхонага ётқизилган.
Симптомлар босилганидан сўнг шифокор Ажит Кумар Пури операция билан ўт пуфагидан тошни олиб ташлаш керак дея туриб олган. Ўсмирнинг қариндошлари шифокор операция ўтказиш учун уларнинг розилигини олмаганини таъкидламоқда.
Боланинг отаси журналистларга айтишича, шифокор уни иш билан жўнатиб юбориб, у йўқлигида ўғлини операция қилган. Қариндошларнинг сўзларига кўра, жарроҳлик амалиёти давомида шифокор смартфонида YouTube’дан шу каби операцияларни амалга ошириш техникасини ўргатувчи видеоларни узлуксиз томоша қилган.
Операциядан кейин йигит ўзига келди, бироқ бироз вақт ўтгач, унинг аҳволи кескин ёмонлашди. У кучли оғриқдан шикоят қила бошлади, аммо қариндошларининг айтишича, шифокор уларнинг шикоятларига эътибор бермаган. Улар шифокордан оғриқнинг сабабини сўраганда, Пури ғазабланиб, “Нима сизлар шифокормисизлар?” деб койиган.
Ўша куни кечқурун Кришна Кумар ҳушидан кетиб, нафас ололмай қолди. Клиника шифокорлари томонидан реанимация чоралари ўтказилиб, ўсмир сунъий нафас олдириш қурилмасига уланди, шундан сўнг уни Патна шаҳридаги шифохонага олиб боришга қарор қилинди. Бироқ ўсмир шифохонага етмасдан вафот этди.
Операция қилган шифокор беморни тез ёрдам машинасида кузатиб борган. Бироқ машина Патнадаги шифохонага етиб келганида шифокор Кришна Кумарнинг жасадини зинада қолдириб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.
Полиция бемор вафоти бўйича жиноий иш очиб, шифокорни қидирмоқда. Шунингдек, ўсмирнинг аниқ ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертизаси тайинланди.
Марҳумнинг қариндошлари таъкидлашича, Ажит Кумар Пури бундай операцияни ўтказишга ҳақли эмасди, чунки унда на диплом, на бундай мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш учун зарур малака бўлган.
Мавзуга оид
12:54 / 05.10.2024
Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
23:02 / 03.10.2024
Ҳиндистон Олий суди қашшоқ оиладан чиққан талабанинг коллежга кириш орзусини рўёбга чиқарди
21:04 / 02.10.2024
Ҳиндистонда ўқитувчилар «мактаб фаровонлиги» учун ўқувчини қурбон қилишди
22:15 / 01.10.2024