Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ЙПХБ командирининг ўринбосари, майор Бахтиёр Избосаров инспектор билан жанжаллашгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Видеолавҳада кўринишича, Избосаров инспекторни куракда турмайдиган уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. 

Гапиряпман-қўйяпман, индамай эшитиб, кўриб юрибман. Кеча Абдураҳмонов Жалол деган бола, тўғрисида 6 та Damas, онасини эмсин, кўриб ўтирибди, иши йўқ. Н...й керак? Илтимос сизлардан, асабимга ўйнаманглар-е”, деган ўринбосар хизмат олди йўриқномаси вақтида.

Бунга жавобан инспектор Ж.Абдураҳмонов битта “ГАИ” ҳеч нарса қилолмаслигини айтиб, нима қилишни сўраган. Шу пайтда Избосаров бирданига “нега бидиллайсан?” дея уни ҳақоратлашга тушган.

Бахтиёр Избосаровнинг оғзидан шундай сўзлар чиққанки, чидаб туролмаган инспектор унга ҳақоратламай гапиришни айтиб, тортишган. Уларнинг жанжали ёқалашишгача етган. Жараёнда командир ўринбосари инспекторнинг бодикамерасини тортиб олиб, погонини юлган. Шунингдек, у инспектордан хизмат нишони ва гувоҳномасини топширишни ҳам талаб қилган.

Видеолавҳанинг иккинчи қисмида Бахтиёр Избосаров инспекторларга “кунлик план”ни бажариш бўйича қатъий топшириқ берганини ҳам эшитиш мумкин.

Бир инспектор 135 (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқариши ҳуқуқбузарлиги акс этган 135-моддасини назарда тутган - таҳририят) ва бошқа қоидабузарлик бўйича учтадан зиёд қилиши керак. Қарздорлик бўйича ҳам худди шундай: энг камида учта бўлиши керак. Ундан зиёдини қилсанглар ўзларинг учун, қилаверинглар. Шунинг ҳисобига бир инспектор кунига 6 та транспорт воситасини жарима майдончасига киритиши керак. Энг камида”, дея таъкидлаган у ўз топшириғида.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, майор ва инспектор жанжали 1 йил олдин содир бўлган.

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур ҳолат бир йил аввал, яъни 2023 йилнинг 29 август куни содир бўлган. Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ саф майдонида ЙПХ ходимлари билан ўтказилган хизмат олди йўриқномаси вақтида ЙПХБ командирининг хизмат бўйича ўринбосари, майор Б.Избосаровнинг 1-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор Ж.Абдураҳмонов билан ўзаро тортишувли ҳолати юзасидан вилоят ИИБ масъуллари томонидан ўрнатилган тартибда хизмат текшируви ўтказилганлигини маълум қиламиз”, дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Лекин бошқарма хизмат текшируви натижасини ҳамда Бахтиёр Избосаровга қандай чора кўрилганини расмий муносабатда очиқламаган.