2011 йил 2 июлда Копенҳагенга “минг йиллик ёмғир” ёғди. Бир неча дақиқада кўча ва биноларни сув босиб, қарийб бир миллиард евро зарар етказди.
“Ўша йили иқлим ўзгариши Копенҳагенга жиддий таъсир қилишини англадик ва содир бўлган ҳодисанинг оқибатларини чуқур таҳлил қилдик. Ёғингарчилик миқдори 30 фоизга ошиши, жала қуйиш ҳолатлари кўпайиши кутилмоқда, бу эса шаҳарга кенг кўламли таъсир кўрсатади”, — деб тушунтирди Копенҳагенда иқлим ўзгаришига мослашиш режасини амалга ошириш лойиҳаси директори Ян Расмуссен.
10 йилдан кўпроқ вақт муқаддам Копенҳагенда кучли ёмғир сувини бошқариш бўйича кўп миллиард евролик режа ишга туширилди. Шаҳар вайронкор ёмғирларга (30 дақиқада 15 миллиметрдан ортиқ) қарши курашни яхшилашга қаратилган режани амалга оширишга киришди. Пойтахтнинг “жала сувларини бошқариш режаси” бир қатор кичик ва йирик ечимларни ўз ичига олади: техник ва табиатни муҳофаза қилиш, ерусти ва ерости.
Шаҳарда сув қочириш тизимининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш учун бир нечта ерости туннелларини қуриш бошланди. Улардан бири Копенҳагеннинг ички кўлларини узоқ бандаргоҳ билан боғлайдиган 1,3 километр узунликдаги туннел бўлиб, унинг қурилиши 2026 йилда якунланади.

“Шаҳарда ёғингарчилик кўп бўлганда, туннелни сув омбори сифатида тўлдиришимиз мумкин. Кейинчалик уни сув тозалаш иншоотига йўналтирса бўлади. Кучли жала пайтида эса туннелдаги сув бандаргоҳга оқизилади ва иншоот транспорт вазифасини бажаради”, — деди йирик режаларни амалга ошираётган HOFOR компаниясининг иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича мутахассиси Дитте Райнҳолд Енсен.

Туннелнинг қиймати 43 миллион еврога баҳоланмоқда. “Қурилиш харажатлари биз олдини олаётган зарарни қоплайди”, — дейди Дитте.
HOFOR хабарига кўра, Валби ҳудудидаги бундай туннел 2024 йил 4 август куни ёғган ёмғир пайтида ўз самарадорлигини исботлаган.




















