Шу кунларда интернетнинг ўзбек сегментидаги асосий мавзу асосан арзон нархлардаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи савдо тармоғи билан боғлиқ можаро бўлмоқда. Аввалига тармоқнинг Сергели туманидаги савдо маркази ишчиси ўзидан юқорироқ лавозимдаги ходим томонидан калтаклангани видеоси тарқалди, кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди, аммо кейинги куни раҳбарнинг ўзи ишчиларига зўравонлик қилгани акс этган видеолар пайдо бўлди. Қуйида воқеалар хронологияси келтирилади.

Воқеа нимадан бошланди?

14 сентябр куни Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи йирик савдо марказларидан бири бўлмиш Inbazar’нинг Сергели туманидаги савдо маркази масъули Меҳрож исмли ходимини калтаклагани акс этган видео тарқалди.

Интернетда тарқалган бошқа видеога кўра, ходим омборхонада аравачани узоқдан ғилдиратиб юборгани учун калтакланган, ҳолбуки бу ҳолатда аравачага зарар етмагани кўринади.

Ходим, гарчи «билмасдан қилдим», дея узр сўраганига қарамай, раҳбари ёш йигитнинг юзи ва танасига 5-6 маротаба урган. Шунингдек, ҳақорат ҳам қилган ва ишдан бўшашини айтган.

Inbazar асосчиси, айни вақтда чет элда бўлган Омадбек Холматов видеомурожаат билан чиқиб, мазкур ҳолат бўйича қонуний чора кўрилишини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони кўриб, ўзим «шок» бўлиб қолдим. Бу қилинган аблаҳона иши учун албатта қонуний жавобгарликка тортилишига ишончимиз комил. Йиллар давомида ишхонада ўзаро ҳурмат бўлишига ҳаракат қиламиз, лекин кўп одам ишлагани учун буни назоратини ола олмай қолибмиз. Бунинг учун узр сўраймиз. Лекин бу зўравонликка қаршимиз, бу ҳолат бўйича қонуний чоралар кўриляпти. Тафсилотларини айтамиз», деган дўкон асосчиси.

Омадбек Холматов «биргина ходимининг ўйламай қилган иши учун йиллар давомида халқ орасида ишонч қозонган ва обрў орттирган савдо маркази фаолиятини қоралаб ташламаслик»ни сўраган.

Кейинроқ компаниянинг инстаграмдаги саҳифасида зўравон ходим ички ишлар бўлимига олиб борилгани ҳақида видеохабар жойлаштирилди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳам ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Хабарда ҳодиса 13 сентябр куни содир бўлгани, «Сергели туманида жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ишловчи 2001 йилда туғилган Б.А. ўзаро келишмовчилик оқибатида бирга ишловчи 2006 йилда туғилган М.Т.ни қўли билан ургани» айтилади.