Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябр куни Остона шаҳрида иккинчи «Марказий Осиё - Германия» саммитида иштирок этди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Германия федерал канцлери Олаф Шолц, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Инвестиция ва технологиялар, ўта муҳим хомашё ресурслари, «яшил» энергетика, транспорт ва логистика алоқалари, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида шерикликни ривожлантириш, шунингдек, таълим ва маданий дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида Германия Марказий Осиё мамлакатларида олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, минтақадаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолади.

- Бизнинг Берлиндаги илк учрашувимиз ва бугунги саммит аниқ, амалий натижаларга эришишга қаратилган очиқ ва конструктив мулоқотимизни давом эттиришга бўлган умумий интилишимизни яна бир бор тасдиқламоқда, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Германия билан муносбатлар чуқур тарихий илдизларга эга экани, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашда Федератив Республиканинг муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади. Сўнгги йилларда минтақада юз берган чуқур ўзгаришлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиёнинг Германия билан ҳар томонлама ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор янги ташаббус ва таклифларни илгари сурди.

Аввало, Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этди.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун «Марказий Осиё - Германия» таҳлилий марказлари форумини таъсис этиш ва унинг биринчи учрашувини келгуси йили Хивада ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Саммитлар кун тартибини тайёрлашда мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиллик учрашувлари муҳим роль ўйнаши қайд этилди.