Торопецда тунда рўй берган ёнғин тўғрисида Твер области губернатори Игор Руден хабар берди. Унинг сўзларига кўра, олов «ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлаши вақтида уриб туширилган дронлардан бирининг парчалари тушиши оқибатида» рўй берган. У қандай объект ҳужумга учраганига аниқлик киритилмаган.
Россиялик губернаторлар сўнгги ойларда украин дронлари у ёки бу объектга ҳужум қилганида доимо дрон уриб туширилгани, объектга — масалан, нефт базага унинг парчалари тушгани ҳақида айтишади.
Телеграм-каналлар эса маҳаллий аҳоли вакилларига таянган ҳолда Торопецда дронга хос овоз эшитилгани, унинг ортидан портлаш рўй бергани ҳақида хабар қилишмоқда. Кейинроқ Твер области ҳукумати маълум қилишича, расмийлар аҳолининг бир қисмини «ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётган ва ёнғинга қарши кураш олиб борилаётган ҳудудлар»дан эвакуация қилишга қарор қилган.
Торопец маъмуриятининг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзилишича, аҳоли қўшни Западная Двина шаҳрига кўчирилмоқда. У ерда, маҳаллий маъмурият хабарига кўра, 18 сентябр куни мактаблар ва болалар боғчалари ёпилган.
Россия мудофаа вазирлиги тонгда 18 сентябрга ўтар кечаси Россия регионларида 54 та учувчисиз учар қурилмалар уриб туширилгани ҳақида хабар берган. Вазирлик ўз ҳисоботида Курск, Брянск, Смоленск, Белгород ва Орлов областларини келтирган, аммо Твер области ҳақида индамаган.

Россия ва Украинадаги телеграм-каналларга кўра, Торопецда ўқ-дорилар омборига ҳужум қилинган бўлиши мумкин. Каналларда дроннинг кичик заряди эмас, ўқ-дори детонациясини эслатувчи кучли портлаш видеоси тарқалган.
Видео маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан олинган, кадр ортида уларнинг ўзаро гаплашгани эшитилади. Торопецликлар ўтирадиган телеграмдаги чатлардан бирида ҳам кучли портлаш ҳақида гап боради.
Торопецда ўқ-дорилар, ракеталар ва бошқа портловчи моддалар сақланадиган йирик арсенал мавжуд. Бу расмий маълумот бўлиб, Россия давлат нашрлари ҳам ракета арсенали ҳақида кўп бор ёзишган.
Россия ҳукумати қуроллар арсеналидаги портлаш ҳақида хабар бермаган.
BBC украин хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси украин дронлари Твер областида «Искандер» ва «Точка-У» ракеталари, шунингдек, нишонга ўзи борувчи авиабомбалар «омбори йўқ қилингани» ҳақида айтган.
















