17 сентябр куни “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конидан яна олтингугурт гази чиқа бошлаши билан боғлиқ аварияда 4 киши ҳалок бўлган, 11 киши тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган. Жабрланганларнинг 10 нафарига шу куни уйига жавоб берилган.
Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иштирокида 18 сентябр куни Бойсундаги кон яқинида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Брифинг форматидаги анжуманда масъуллар журналистлар саволларига жавоб бермади.
Расмийларга кўра, 17 сентябр куни соат 16:00 ларда кондаги 604-сонли қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сульфид гази чиқаётгани қайд этилган. 1 сентябр кунги техноген офат ҳам ушбу қудуқда рўй берган, натижада бир неча қишлоқлар аҳолиси уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганди. Икки ҳафта Бойсун шаҳрида яшаган аҳоли 15 сентябр куни заҳарли газ чиқиши тўхтатилгани эълон қилинганидан кейин, яна уйларига қайта бошлаганди.
18 сентябр кунги брифингда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳодисанинг такрорлангани коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини айтди.
Қуйида вазир томонидан журналистларга берилган маълумотлар вазирлик келтирган расмий таҳрирда келтириб ўтилмоқда.

Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон энергетика вазири:
— “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони Бойсун шаҳридан 20 километр жануби-шарқда жойлашган. Географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир рельефидир. Рельефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.
“М-25” (“Гажак”) кони биринчи марта 1933 йилда геологик тадқиқот йўли билан аниқланган ва 1938 йилда тайёрланган. 1941 йилда бу ерда биринчи қидирув қудуғи бурғиланган.
1974 йилда 5-сонли қудуқни синовдан ўтказишда қуйи бўр қатламларидан газнинг саноат оқимлари олинган. Худди шу йили тузилма кон тоифасига киритилган.














