20 сентябрь куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Корея Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Вон До Ён, Мўғулистон Фавқулодда ва мухтор элчиси Дааданхуу Батбаатар, Германия Федератив Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер, Исроил Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг ва Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари Тойво Клаардан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлат раҳбари хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини Ўзбекистондаги шарафли ва масъулиятли фаолияти расман бошлангани билан самимий табриклади.

Бугунги кунда жаҳондаги беқарор ва тез ўзгараётган даврда элчиларнинг нафақат ўз мамлакатларининг манфаатларини илгари суриш, балки халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган шарафли фаолиятининг аҳамияти кескин ортиб бораётгани таъкидланди.

Президентимиз очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат натижасида Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва мавқеи тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан мамлакатимиз ташаббуси билан 10 дан ортиқ, жумладан, жорий йилнинг ўзида катта аҳамиятга эга 4 та махсус резолюция қабул қилингани бунинг тасдиғидир.

Мураккаб глобал вазиятда ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсмоқда, Жаҳон банки бу йил ўсиш 5,3 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, ўтган йил якуни бўйича мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди.

Париждаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари мамлакатимизнинг янги спорт тарихини яратган ёш спортчиларимизнинг рекордлари ва мисли кўрилмаган ютуқлари майдонига айланди.

– Буларнинг барчаси ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарасидир, - деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси "Ўзбекистон - 2030" стратегияси асосида демократик жамият қуриш, иқтисодиётни янада эркинлаштириш, саноат ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, тадбиркор ва инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш сиёсатини давом эттириши таъкидланди.

Шу муносабат билан келгуси ойда Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига ўтказиладиган сайловлар янгиланган Конституцияга мувофиқ илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши алоҳида қайд этилди.