Украина қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми бошланишидан бир неча ой олдин Россия қўмондонлиги бундай амалиёт эҳтимолини сезганди. The Guardian нашри ёзишича, украин ҳарбийлари Россия ҳудудидаги амалиёт чоғида қўлга киритган ИИВ, ФХХ ва Россия қуролли кучларининг ҳужжатларидан шундай хулосага келиш мумкин.
Ҳужжатлар август ойи охирида Украина махсус амалиётлар кучлари вакиллари томонидан журналистларга тақдим этилган. Британ журналистлари ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмайди, аммо улар ҳақиқийга ўхшаётганини қайд этишган.
Гап турли бўлинмаларга юборилган босма шаклдаги буйруқлар, шунингдек қўлда юритилган журналлар ҳақида кетмоқда, дея ёзади нашр. Ҳужжатларнинг энг эскиси 2023 йил охирига мансуб, энг сўнгги ёзувлар эса Украина 6 август куни Курск областида амалиёт бошлашидан олти ҳафта олдин ёзилган. Ҳужжатлар асосан РФ қуролли кучлари 488-гвардия мотоўқчилар полки, жумладан, 17-баталённинг иккинчи ротаси позицияларидан топилган.
Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиёти «Киевнинг ғарбдаги иттифоқчилари ҳамда Украина элитасининг кўплаб вакилларини ғафлатда қолдирди, чунки уни режалаштиришда иштирок этган одамлар доираси жуда тор эди», дея ёзади The Guardian. Аммо, нашрнинг қайд этишича, россиялик ҳарбийлардан олиб қўйилган ҳужжатлар шундан дарак бермоқдаки, Украина қуролли кучларининг эҳтимолий юриши ҳамда Суджани оккупация қилишга уриниш тўғрисидаги огоҳлантириш амалиёт бошланишидан олдинги ойлар давомида келиб турган.
Хусусан, 4 январ кунги ҳужжатда украин бўлинмалари Курск областида «давлат чегарасини ёриб ўтиши мумкинлиги» қайд этилган. Унда ҳужумнинг олдини олишга тайёргарликни кучайтириш лозимлиги кўрсатилган.
19 февралга оид бошқа бир ҳужжатда айтилишича, бўлинмалар командирлари Украина «украин армиясининг асосий бўлинмалари зирҳли техникаларда кириб келишидан олдин тўрт кунлик „йўлак“ ҳосил қилиш учун Суми областидан Россия ҳудудига 80 километр масофада илгарилаш»ни режалаштираётгани тўғрисида огоҳлантирилган.
Март ойи ўрталарида чегарадаги ҳарбийларга мудофаа чизиқларини кучайтириш ва украин қўшини чегарадан ўтиши эҳтимолига тайёргарлик доирасида «мудофаани тўғри ташкил этиш учун бўлинмалар ва мустаҳкамланган пунктларни бошқариш бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этиш» буйруғи берилган.
Июн ойи ўрталарида Украинанинг «Суджани назорат остига олиш мақсадида Юнаковка — Суджа йўналишида» ҳужум қилиш режалари бўйича аниқроқ огоҳлантириш эълон қилинган. Шунингдек, ҳужжатлардан маълум бўлишича, Россия қўмондонлиги украин қўшинлари Россиянинг ҳудуддаги таъминот линияларини бузиш учун Сейм устидан ўтган кўприкларни портлатишга уринишини прогноз қилган.
















