Bay Area News Group хабарига кўра, Албинонинг Окленддаги жияни Алица Алекин полиция, Федерал қидирув бюроси ва Адлия вазирлиги кўмагида АҚШнинг шарқий соҳилида истиқомат қилаётган тоғасини топишга муваффақ бўлган.
63 ёшли Алекиннинг айтишича, Албино отаси ва бобоси сингари Ветнамда хизмат қилган истеъфодаги ўт ўчирувчи ва Денгиз пиёдалари корпусининг фахрийси ҳисобланади. Алица Албинони топиб, уни июн ойида Калифорниядаги оиласи билан қайта учраштирди.
1951 йил 21 феврал куни нотаниш аёл Ғарбий Окленд боғида акаси билан ўйнаётган олти ёшли Албинони алдаб, олиб кетганди. Аёл унга испанча гапириб, ширинлик сотиб олишни ваъда қилган.
Бунинг ўрнига, аёл болани ўғирлаб, уни АҚШнинг шарқий қирғоғига олиб борган, бола у ерда бир жуфтлик томонидан ўз фарзандидек тарбияланган. Бола шарқий қирғоқнинг айнан қайси ҳудудида улғайгани ҳақида маълумот берилмади.
“70 йилдан ортиқ вақт давомида Албино бедарак йўқолган бўлса-да, у ҳар доим оиласининг қалбида эди, унинг сурати уйда осиғлиқ турарди”, — деди Алекин. Унинг 2005 йилда вафот этган онаси ўғли тириклигидан умидини узмаган.
Окленд полицияси Алекиннинг саъй-ҳаракатлари “тоғасини қидиришда муҳим аҳамият касб этганини” эътироф этди Янгиликлар гуруҳига берган интервюсида аёл тоғаси уни қидириб топгани учун раҳмат айтгани ҳақида сўзлаб берди.
Етмиш йил аввал Oakland Tribune газетаси мақолаларида полиция, маҳаллий ҳарбий база аскарлари, қирғоқ қўриқлаш хизмати ва бошқа шаҳар ходимлари йўқолган болани кенг миқёсда қидирилаётганлар сафига қўшгани ҳақида хабар берилган. Мақолаларга кўра, Сан-Франсиско қўлтиғи ва бошқа сув ҳавзалари ҳам текширилган. Унинг акаси Рожерни терговчилар бир неча марта сўроқ қилишган, бироқ у бошига рўмол ўраган аёл укасини олиб кетганини такрорлаб, бошқа тафсилот қўша олмаган.
Алекиннинг айтишича, тоғаси ҳали ҳаёт бўлиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки тасаввур 2020 йилда пайдо бўлган, у “шунчаки қизиқиш учун” онлайн ДНК тестидан ўтган. Тест натижаси кейинчалик унинг тоғаси бўлиб чиққан эркак билан 22 фоиз ўхшашликни кўрсатган. У ўша пайтдаги қўшимча қидирув ишлари тоғасидан ҳеч қандай жавоб ёки муносабат келтирмаганини айтди.
2024 йил бошида Алекин яна қидирув ишларини бошлади. Окленд жамоат кутубхонасига ташрифи чоғида у Tribune мақолалари асосидаги микрофилмларни, жумладан, Луис ва Рожернинг фотосуратини томоша қилди, бу эса уни тўғри йўлда эканига ишонтирди. Ўша куниёқ у Окленд полициясига мурожаат қилди.















