«Арсенал»га қарши баҳснинг 19-дақиқасида Томас Партига тўқнашган Родри майдонга қулади ва ўша сонияларда «Этиҳад»даги ҳеч ким бу ҳолатни «Манчестер Сити»нинг мавсумини ўзгартириб юбориши мумкинлигини тахмин қилмаганди. 24 соатдан кейин эса тиббий хулоса тақдим этилиб, хочсимон пайнинг юқори қисмида узилиш ҳолати аниқланди ва испаниялик яримҳимоячи бутун мавсумни ўтказиб юбориши ойдинлашди.
Манчестер «мовийлари» усиз кучсизланиши эса шубҳасиздир. Гвардиола ўтган мавсумда ушбу футболчидан энг кўп фойдаланди, ҳатто дарвозабон Эдерсон ҳам Родри ўтказган ўйинлар сонига ета олмаган. Ўтган мавсумнинг 50 та учрашувида иштирок этган Родриго Эрнандез жами 4325 дақиқани майдонда ўтказди. Кейин эса Еврода Испаниянинг 7 учрашувидан 6 тасини бошланғич таркибда бошлади ва финалнинг биринчи бўлимидан сўнг жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўша жароҳат сабаб дастлабки 3 турни ўтказиб юборган футболчи 4-турда «Брентфорд»га қарши захирадан ўйинга қўшилганди. Мухлислар «Интер»га қарши Чемпионлар Лигаси 1-турини 90 дақиқа майдонда ўтказган Родрининг жароҳати ортда қолганига катта ишонч билдирган эди, аммо ҳафта охирида кутилмаган тарзда жамоа етакчиси бутун мавсумга сафдан чиқди.

2019-2020 йиллар мавсумида Манчестерга келганидан бери Родри клуби ўтказган 195 учрашувнинг фақат 21 тасида майдонга тушмаган. Барча мусобақалар доирасида у АПЛнинг исталган футболчисидан кўпроқ ўйинда қатнашган — 260 та (238 таси бошланғич таркиб). Майдонда ўтказилган дақиқалар сони (20555) бўйича ундан фақат Бруну Фернандеш (20727) олдинда. Ва буларнинг барчасига миллий жамоа сафидаги 50 та беллашув ҳам қўшилса, 28 ёшли футболчининг қанчалик кенг кўламдаги ишни амалга оширганини англаш мумкин.
Ўтган ҳафтада Родри ЕЧЛ 1-туридан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида ўйинлар сони кўплиги туфайли футболчилар «иш ташлашга мажбур бўлиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирганди. Унинг ўша ҳафта охиридаёқ бу тахлит жиддий жароҳатга йўлиқиши сўзлари таъсирини каррасига ошириб юборди.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, «Сити» 2019 йил августидан бери Родрисиз 21 та баҳсда иштирок этди ва уларнинг 7 тасида мағлубиятга учради. Шундан учтаси ўтган мавсумнинг биринчи ярмида кузатилгани («Арсенал», «Вулверҳемптон» ва «Астон Вилла»га қарши) бугунги Гвардиола жамоасининг ушбу яримҳимоячига нақадар боғланиб қолганини кўрсатиши мумкин.











