9 сентябрь куни Apple компанияси ўзининг янги тақдимотида iPhone 16 линиясидаги смартфонлар, 10-авлод ақлли соатлари ва бошқа қурилмаларини тақдим қилди. Кўпчилик iPhone'лар дизайнида ўзгариш бўлмаётганидан нолимоқда, шунга қарамай айримлар учун қурилмани ҳаммадан биринчи, қимматроқ нархга сотиб олиш бу йил ҳам “понт” бўлди. Kun.uz мухбири техноблогерлар Жавлон Асатуллаев ва Маъруф Боймуродов билан жамиятда Apple феномени ва купертиноликларнинг янги маҳсулотлари ҳақида суҳбатлашди.

– Ҳар бирига алоҳида тўхталишимиздан олдин, келинг, дастлаб тақдимот ҳақида. 9 сентябрдаги тақдимот сизнинг кутилмаларингизни қанчалик оқлади? Сиз яна нималар кутгандингиз?

Жавлон Асатуллаев:

– Мен iPhone’нинг янги кўриниши қандай бўлар экан деган саволни олдимга қўймагандим, чунки бу ҳақида тахминларим бор эди. Буни WWDC тақдимотида кўриб бўлгандим. Ва биз фойдаланаётган смартфонлар ўз ўрнини AI iPhone'ларга бўшатяпти. Яъни сунъий интеллект бошқарувидаги телефонлар даврига етиб келмоқдамиз. Ва ўз саволларимга WW DC тақдимотида жавоб олгандим ва 9 сентябрдаги тақдимотдан бирор катта янгилик кутмаган эдим.

Маъруф Боймуродов:

– Мен ҳам Жавлон аканинг фикрларига қўшиламан. Йилдан йилга қурилмаларнинг дизайни ва тузилишини тахмин қилиш имкони ошмоқда. iPhone 16 Pro'нинг ҳам қандай дизайнда бўлиши олдиндан маълум эди. Apple watch'лар борасида катта нарсани кутишган бўлишса ҳам 10 йилликдаги сўнгги маҳсулот деб тақдим қилинган бўлса, бу охирги 3 йилликда шундай шаклда чиқишни давом этади. Бундан ўзгача шаклда watch'лар чиқмайди менимча. Аммо қулоқчинлар бўйича кўпроқ нарсани кутгандим. Кутганимдан анча камроқ нарса тақдим қилинди.

– Янги “айфон” 16'нинг дизайни мен кўрган ёки ўқиган одамларнинг кўпчилиги танқид қилди, 11 авлоддан буён деярли ўзгариш йўқлиги айтилмоқда. Янги мобил қурилмаларнинг ўзгариши сизнингча секинлашиб қолмадими ёки Apple янгича дизайнлар учун илҳом тополмаяптими?