Россия қўшини Донецк области жануби-ғарбидаги Вуҳледар шаҳрини назоратига олди. Дашт ўртасидаги ушбу аҳоли яшаш манзили учун жанглар 2022 йил мартидан буён давом этаётганди. Ўшанда шаҳарга Украина қуролли кучларининг фаронт чизиғидаги қисмлари кирганди. Шундан кейин ўзаги 72-механизациялашган бригададан иборат бўлган Украина мудофааси РФ қуролли кучларининг бир неча йирик штурмларига дош берди. Аммо 2024 йил кузига келиб бригаданинг Вуҳледарда қолган бир неча юз жангчиси (қолганлар шаҳардан шимоли-ғарб томон кетувчи сўнгги йўлни ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда) қуршовга тушиб қолмаслик учун позицияларини тарк этди. Украина қуролли кучларининг энг машҳур «қалъа»ларидан бири қулаши рамзий маънога эга. Шаҳар эгаллаб олиниши Украинанинг Донбассдаги мудофаасига ҳозирнинг ўзида таҳдид солмаётган бўлса-да, унинг йўқотилиши келажакда Украина қуролли кучлари учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Вуҳледар штурми ҳақида нималар маълум?
Асосан Шарқий ҳарбий округ тузилмаларидан иборат бўлган Россия қўшини бир неча ойлик оғир жанглар билан Вуҳледарга шимоли-шарқдан яқинлашиб келди: бу ерда РФ қуролли кучлари Константиновка — Вуҳледар йўлини ушлаб туришга ҳаракат қилан украин бригадалари мудофаасини бузиб ўтди.
Кейин эса шаҳар шимолидаги икки муҳим мудофаа тугуни — «Южнодонбасская-1» ва «Южнодонбасская-3» конлари эгалланди.
Сентябр ойида Россия қўшини Вуҳледарга ғарбдан ҳам ҳужум бошлаб, Пречистовка қишлоғини эгаллади. Шу палладан шаҳар деярли тўлиқ қуршов ҳолатида қола бошлади. Шаҳар ичкарисида қолган ҳимоячиларга таъминот етказиб бериш учун биргина йўл қолганди — лекин Богоявленка билан боғловчи бу йўл ҳам россиялик ҳарбийлар танкка қарши ракета комплекслари билан ҳам (улар фақат кўриш масофаси яхши бўлганида самарали) ўққа тутиши мумкин бўлган масофада эди.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги шундай шароитда ҳам Вуҳледар ҳимоячиларига зудлик билан чекинишга буйруқ бермади: улар шаҳарда яна бир ҳафта ушланиб қолишди. Россия қўшини 20 сентябр куни шарқий томондан штурм бошлади, 30 сентябр куни эса шаҳарнинг ғарбий чеккасига ҳам киришди. Катта эҳтимол билан бу вақтга келиб украиналик ҳимоячилар Вуҳледарни тарк этишга улгурганди — ҳар ҳолда Россиядаги манбалар 30 сентябр ва 1 октябр кунлари шаҳар эгаллангани тўғрисида эълон қилган видеоларда шаҳарда кўча жанглари кечгани белгилари ва асир олинган украинлар йўқ эди. Видеоларда россиялик аскарлар шаҳарда эркин ҳаракатланиб, кўп қаватли биноларга ҳамда маъмурий биноларга ўз байроқларини илиб чиқишгани акс этган.

Вуҳледар нимаси билан муҳим эди?














