Украина мудофаа кучлари чоршанба куни Вуҳледар ташлаб чиқилгани тўғрисида расман маълум қилди. Россиялик ҳарбийлар бир кун олдин Донецк области жануби-ғарбидаги мазкур шаҳар эгаллангани ҳақида хабар берганди. «Ҳортица» оператив-стратегик қўшин гуруҳи маълумотига кўра, қуршов хавфи туфайли украин ҳарийларини шаҳардан олиб чиқишга қарор қилинган.

Бир йил олдин Вуҳледар бой берилиши украин армияси учун оғир зарба бўлиб, уни шарқий фронтда ҳам, жанубийсида ҳам мудофаа конфигурациясини ўзгартиришга мажбур қилган бўларди.

Мазкур қалъа шаҳар Украина қуролли кучларининг Торецк — Ню Йорк — Авдийивка — Марйинка — Вуҳледар — Велика Новосилка ва кейин Запорижжя шаҳарлари бўйлаб ўтган йирик истеҳкомлари занжирини ташкил этарди.

Ушбу шаҳарча аҳамиятини (урушга қадар 15 минг киши яшаган) Россия армияси Украинага босқиннинг илк давридан уни эгаллашга қаттиқ ҳаракат қилганидан ҳам билиш мумкин. Бу уринишлар муваффақиятли якунланадигандек ҳам кўринганди — 2022 йил ноябрида россиялик ҳарбийлар Вуҳледар жануби-ғарбидаги Павловка посёлкаси томондан яқинлашиб келади. Аммо шундан кейин амалга оширилган кўплаб ёпирилма ҳужумларнинг барчаси россияликлар учун йирик йўқотишлар билан якунланади.

Катта эҳтимол билан, украин қўмондонлиги Вуҳледарни нафақат таянч пункти, балки Донецкни жанубдан айланиб ўтиб Докучаевск ёки Волновахага, шунингдек 2023 йил ёзида жанубий фронтдаги юриш муваффақиятли чиққан ҳолда Мариуполга ҳужумга ўтиш учун плацдарм сифатида ҳам кўрган. Шу туфайли бу йўналишга энг жанговар бўлинмалар ташланган.

Аммо украинларнинг жанубдаги юриши ўз мақсадларига эриша олмади, Россия армияси эса асосий кучларини Донецк областида жамлаб, Украина қуролли кучларининг асосий таянч пунктлари томон бирин-кетин қонли амалиётлар бошлади.

2024 йил кузига келиб Донбасс фронтидаги вазият жиддий ўзгарди. Украина Авдийивка, Марйинка, Красноҳоривка, Ню Йоркни бой берди, Торецк ҳам қулаш арафасида, Россия қўшини Покровск томон юришни давом эттирмоқда, Часив Яр штурм қилинмоқда, украинларнинг Купянск йўналишидаги плацдарми асосий ердан ажратиб қўйилишига яқин қолган.

Шу туфайли Вуҳледар мудофаа занжиридаги муҳим элемент сифатидаги аҳамиятини ҳам йўқотиб улгурган.

Шаҳар тақдири ҳал бўлгани сентябр ойи ўрталаридаёқ маълум бўлиб улгурганди, ўшанда Россия қисмлари бир вақтнинг ўзида ўнг қанотда ҳам (Водяне ҳудудида), чап қанотда ҳам (Пречистовка) ёриб ўтди.

Вуҳледар атрофидаги ҳалқа торая бошлади, Россия артиллерияси ва дронлар шимолга чекиниш учун Богоявленка томон борувчи сўнгги йўлни олов назоратига олганида эса, Вуҳледардаги гарнизон қуршовга тушиш эҳтимоли реаллашди — бу камида 2 мингга яқин аскардан иборат бригада эди.