Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Элликқалъа тумани ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 4-5 октябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида "Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!" шиори остида "Саҳро садоси" II Халқаро ёшлар фестивалини ўтказди. Мазкур фестивал мамлакатимиз, шу жумладан Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.  

Фестивалда Хорватия, Ҳиндистон, Хитой ва қўшни мамлакатлардан туризм бўйича мутахассислар, илмий тадқиқотчилар ҳамда 1000 га яқин талаба ёшлар қамраб олинди. 

"Саҳро садоси" ёшлар фестивалини Элликқалъа тумани ҳокими Валижон Ниязимбетов очиб берди. Шундан сўнг фестивал доирасида хорижлик ва маҳаллий туризм мутахассислари томонидан Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга қаратилган Халқаро тренинглар ўтказилди. 

Ундан сўнг Тупроққалъа тарихий мажмуасида талаба-ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшларимиз!” мавзусида расм чизиш кўрик-танлови, Ақчакўл соҳилида “Балиқдан 99 хил таом” миллий таомлар танлови ўтказилди. Қолаверса, фестивал доирасида спорт мусобақалари, миллий спорт ўйинлари тадбирлари Ақчакўлдаги Амфитеатрда фестивал концерт дастурларига уланиб кетди.