Ўзбекистон | 13:38 / 07.10.2024
1341
2 дақиқада ўқилади

«Шаффоф цемент саноат»га манипуляция ҳаракатларини содир этгани учун чора кўрилди

«Шаффоф цемент саноат» МЧЖ 20 минг 645 тонна цементни биржага қўймасдан тўғридан тўғри шартномалар орқали сотган. Рақобат қўмитаси бу ҳаракатни манипуляция деб баҳолади.

Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторингда Шаффоф цемент саноат томонидан 2023 йил январ-декабр ва 2024 йил январ-июл ойларида 298 та ҳолатда 20 минг 645 тонна цемент биржа савдоларига қўйилмасдан тўғридан тўғри шартномалар орқали сотилгани аниқланган.

 Шунингдек, маҳсулот сотилган кунлардаги нархлар 2023−2024 йиллар давомида биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланган. 298 та ҳолатда маҳсулот нархларини юқори қўллаш натижасида жами 669 млн сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолати аниқланган.

 Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, «Юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тўғридан тўғри шартномалар бўйича сотиш» ҳаракатлари манипуляция ҳисобланади.

 Юқоридагиларга мувофиқ, Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан Шаффоф цемент саноат қўшма корхонасига нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланган.

Мавзуга оид