Россия қуролли кучлари Вуҳледарни эгаллагач, шаҳар шимолидаги ўрмонзорларда Украина қуролли кучларининг барқарор мудофаасига дуч келди. Аммо шаҳардан ғарбда, Украинанинг бошқа бир «қалъаси» — Велика Новосилкага олиб борувчи йўлда — афтидан, бундай мустаҳкам мудофаа чизиғи йўқ. Украина қуролли кучлари бу участкада кучсизлангани, расмий равишда Вуҳледар қулаши билан боғлиқ эмас. Бу йўналишда шаҳар мудофаасида қатнашмаган бўлинмалар ҳимояланмоқда. РФ қуролли кучлари уларга зарба берди ва локал ютуққа эришди — Вуҳледардан 15 километр ғарбда жойлашган Золотая Нива қишлоғи эгаллаб олинди. Истиқболда бу Украинага янги инқироз билан таҳдид қилади — бу сафар Велика Новосилка ҳудудида. Вуҳледардан шимолда ҳам Украина қуролли кучлари учун оғир вазият юзага келмоқда — бу ерда Россия армияси шимол ва шарқдан Курахово томон умумий йўналиш бўйлаб олдинга силжимоқда. Агар РФ қуролли кучларининг шу динамикаси сақланиб қолса, йил охирига бориб Украина бутун жанубий Донбассни йўқотиши мумкин.

Вуҳледар фронти

Украина қуролли кучлари учун Вуҳледар фронтидаги муаммо шундаки, икки йилдан ортиқ вақт мобайнида шаҳарни ҳимоя қилиб келган гуруҳ уни ташлаб чиққач шимолга йўл олди, Россия қўшини эса, афтидан, ғарбий йўналишда ҳужум қилишга қарор қилган. Шаҳардан ғарбдаги ҳудудларда Украина қуролли кучларининг 58-мотопиёдалар бригадаси жойлашган, бу бригада ўтган ойда Россия қўшини Вуҳледарга ғарбдан ёриб киришига йўл қўйиб берган (ва бу шаҳар тақдирини ҳал қилганди), Пречистовка қишлоғини бой берганди, энди эса — унга қўшни Золотая Нива қишлоғини ҳам.

Вуҳледар ичкарисида ҳимояланган 72-механизациялашган бригада эса РФ қуролли кучлари Богоявленка ва ундан кейин Кураховога ўтмаслиги учун шаҳардан шимоли-ғарбда янги мудофаа чизиғи ташкил этишга ҳаракат қилмоқда.

Россия қўшинида энди Украина қуролли кучларининг Велика Новосилкага (бу Украинанинг Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги таянч пункти саналади) олиб борувчи йўлдаги кучсиз мудофаасига ҳужум қилиш имконияти юзага келган.

Шу билан бир вақтда, Россия қўшини Вуҳледардан шимолроқда — ёзда эгаллаб олинган Новомихайловка томондан ҳужумни давом эттирмоқда. РФ қуролли кучлари Сухие Яли дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб ҳам ҳужум қилмоқда ва аллақачон Катериновка ҳамда Антоновка қишлоқлари учун жанг бошлаган. Келгусида бу юриш Россия қўшинларини Богоявленка шимолига, 72-бригада позициялари ортига олиб чиқиши мумкин.