Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳужум қилганлардан икки нафари – бир эркак ва бир аёл ўлдирилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, яраланганлардан уч нафари оғир аҳволда.

«Туркия аэрокосмик саноатига қарши террорчилик ҳужуми уюштирилди. Афсуски, бизда қурбонлар ва яраланганлар бор», — дея ёзганди у X ижтимоий тармоғида.

Вазир аввалига уч қурбон ҳақида хабар берганди, аммо айни вақтда Қозондаги БРИКС саммитида иштирок этаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған қурбонлар сони 4 нафарлигини маълум қилди.

Бу вақтда Владимир Путин билан учрашувда бўлган Эрдўған «жирканч теракт»ни қоралаб, ҳамдардлик учун Россия президентига миннатдорчилик билдирган.

«Ҳамдардлик учун раҳмат. Бизда уч қурбон бор», — деган у.

Туркия нашрларига кўра, қўриқчилар алмашаётган вақтда портлаш рўй берган; ҳужумдан кейин корхона ходимларини панагоҳларга жўнатишга тўғри келган.

Воқеа жойига ўт ўчириш ва тиббиёт бригадалари, шунингдек, полициячилар ва махсус топшириқли кучлар етиб келган.

Воқеа жойидан олинган кадрларда тутун ва кучли ёнғин акс этган.

Ҳодиса жойидан тўғридан тўғри кадрларни намойиш этишни бошлаган маҳаллий нашрлар расмийлар талабига кўра трансляцияни тўхтатишга мажбур бўлган.

Анқара шаҳри мэри Мансур Явош ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтган: «Мен жафокашларимизга худонинг марҳамати ва ярадорларга тезда соғайиб кетишларини тилайман. Биз терроризмни қоралаймиз. Таъзиямни қабул қилинг».

Маҳаллий нашрлар Turkish Aerospace ҳудудига икки киши — бир эркак ва бир аёл ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ижтимоий тармоқларда бино ичкариси ва ташқарисидаги кузатув камералари орқали олинган кадрлар намойиш этилган, уларда ҳужум қилганларнинг юзи кўриниб қолган.

Маҳаллий нашрларда завод ходимлари гаровга олингани ҳақида ҳам хабар тарқалганди, аммо бу маълумот ўз исботини топмади.

Шунингдек, ОАВда махсус амалиёт якунланганидан кейин топилган қуроллар фотосурати тарқалди: унда автоматлар, ўқдонлар, гранаталар ва бошқа жиҳозларни кўриш мумкин.