«Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун 8 ноябрдан кучга киради.

Давлат кадастрлари палатаси Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Иззатулла Раҳимов қонун билан боғлиқ тўловлар миқдори ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлардан бир марталик тўлов ундирилади.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларида бир марталик тўлов ундирилади.

Қолаверса, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади.

Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 баравари, Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида 3 баравари миқдорида, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда 2 баравари, бошқа аҳоли пунктларида 1 баравари миқдорида тўлов қилинади. Ҳозирги вақтда БҲМ миқдори 375 минг сўмга тенг.

Шуни ҳам айтиш жоиз, бир марталик тўловни тўлашдан қуйидаги шахслар озод этилади. Хусусан, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.

Агар бир марталик умумдавлат акцияси доирасида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топиш белгиланган хулосасига асосан далолатнома шакллантирилган, бироқ бир марталик йиғим ундирилмаган ёки тўлиқ ҳажмда ундирилмаган бўлса, у ҳолда бир марталик тўлов ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ундирилади. Бунда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ундирилган бир марталик йиғим суммаси инобатга олинади.