«Худо жонимни бежиз асрамаган!» — Трамп ўзини янги президент деб эълон қилди
У республикачилар АҚШ Сенатида ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритганини қўшимча қилган.
Доналд Трамп АҚШдаги президент сайловларида ғолиб бўлганини эълон қилди. У бу ҳақда Флоридадаги қароргоҳида тарафдорлари қаршисидаги нутқида гапирди.
Трамп «сиёсий ғалабага эришгани»ни айтиб, ўзини АҚШнинг 47-президенти деб атаган. У сайловларда «ажойиб ғалаба»га қўлга киритганини таъкидлаган.
Барчангизга катта раҳмат айтмоқчиман. Бу сиёсий ғалаба. Мен АҚШнинг 47-президенти этиб сайланишга мушарраф бўлганим учун Америка халқига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен сайловчи делегатларнинг 315 овозини қўлга киритдим. Биз халқ сайловида ғолиб чиқдик. Бу америкаликларнинг Американи янада буюк қилишга имкон берувчи ажойиб ғалабаси бўлди. Бу Америка учун олтин аср бўлади. Ҳар куни сиз учун курашаман. Кучли, хавфсиз ва фаровон Американи қурмагунимизча тинчимайман, болаларимиз ва сизлар бунга муносибсиз.
Ёнимда ақлбовар қилмас одамлар турибди. Биз сизни бахтиёр қиламиз, шундай қиламизки, овоз берганингиз учун фахрланасиз. Америка бизга мисли кўрилмаган ва қудратли мандат тақдим этди. Республикачилар партияси сенат устидан назоратни қайтарди, афтидан, биз Вакиллар палатаси устидан ҳам назоратни сақлаб қолмоқдамиз. Мен ажойиб рафиқам Меланияга миннатдорчилик билдирмоқчиман, у улкан иш бажарди. Ҳайратланарли фарзандларимга ҳам миннатдорчилик билдираман.
Янги юлдуз туғилди — Илон Маск! Биз кечқурун кўришдик. У ажойиб йигит. У Филаделфияда ва Пенсилваниянинг турли чеккаларида икки ҳафта юриб, сайловолди кампаниясида қатнашди. Менга жуда ёқасан, Илон! Америка супердаҳоларини ҳимоя қилиши керак, улар кўпчилик эмас.
Республикачилар — соғлом фикрлилар партияси. Биринчи президентлик муддатимнинг тўрт йилида урушлар бўлмаганди, биз ИШИД устидан ғалаба қозонган урушдан ташқари. Улар айтишади: «У уруш бошлайди». Мен уруш бошламоқчи эмасман, мен урушни тўхтатмоқчиман.
Мен АҚШни ҳар қачонгидан яхшироқ қиламан. Худо жонимни бежиз асрагани йўқ! Мамлакатни қутқаришим ва Америкага буюклигини қайтаришим учун. Ва биз бу миссияни бажаришга чоғландик. Сўнгги тўрт йилликдаги келишмовчиликларни ўтмишда қолдириш ва бирлашиш вақти келди. Муваффақият бизни бирлаштиради. Сизни худо асрасин, Американи худо асрасин.
Прогнозларга кўра ҳам Доналд Трамп президент сайловларида устун келмоқда. Республикачиларни қўлловчи Fox News телеканали Трамп аллақачон 277 овоз қўлга киритиб бўлганини эълон қилган, ғолиблик учун эса 270 овоз ҳам етарли. Associated Press ва The New York Times ҳозирча у — 267, CNN ва NBC News — 266 овоз олганини хабар қилган.
Демократлар номзоди Камала Ҳаррис, Fox News прогнозига кўра, 226 овоз олган. AP ва NYT унга 214 овоз, CNN — 188, NBC News — 194 бермоқда.