Аммо бу суҳбат биринчи навбатда у амалдаги президент Жо Байденнинг ўрнида қайси ишни бошқача қилган бўлиши ҳақидаги саволга берган жавоби билан ёдда қолди. «Хаёлимга ҳеч нарса келмаяпти», — деганди ўшанда Ҳаррис.

У бу ибора билан беихтиёрий равишда ўз сайловолди кампаниясида ҳеч қандай янги таклиф нарса қила олмаслигини айтгандек бўлди, республикачилар эса дарҳол бу сўзлардан демократларга қарши реклама сифатида фойдаланишди.

Вице-президент сифатида Ҳаррис ўз машҳурлигини йўқотаётган раҳбаридан узоқлашолмади ва сайловчиларни хавотирли иқтисодий вазият фонида ўзгаришлар таклиф қилиши мумкинлигига ишонтира олмади.

Чоршанба куни кечқурун у президентлик пойгасидаги мағлубиятини тан олди ва ўз тарафдорларини «умидсизликка тушмаслик»ка чақирди. Аммо унинг штабида бўлган мухбирларнинг айтишича, унинг сайлов натижалари ҳеч бўлмаганда нисбатан тенг бўлишини кутган ходимлари орасида умидсизлик ва ҳафсаласизлик ҳукм сурмоқда.

Ҳозирда Ҳаррис ва унинг жамоаси қаерда хатога йўл қўйгани ва нимани бошқача қилиши мумкин бўлганини таҳлил қилишлари керак.

«Мағлубият ҳаддан ташқари оғриқли. Бу оғир, — дея ёзди чоршанба куни Камала Ҳарриснинг сайловолди штаби раҳбари Жен О'Мэлли Диллон ходимларга йўлланган электрон мактубида. — Бунга кўникиш учун кўп вақт талаб этилади».

Нима хато бўлди ва Камала Ҳарриснинг мағлубиятининг асосий сабаблари нимада? BBC шу саволга жавоб излади.

Байденнинг юки

Байден муваффақиятсиз дебатлардан кейин пойгадан чиққач, Ҳаррис праймеризда иштирок этмаган ҳолда Демократик партиянинг президентликка номзодига айланди.

У ўзининг 100 кунлик кампаниясини америкаликлар учун «етакчиларнинг янги авлоди», аёлларга — аборт ҳуқуқи, ишчилар синфига — нархлар ўсишининг олдини олиш ҳамда арзон турар жойларни ваъда қилган ҳолда бошлади.

Ишчилар синфини демократлар сафига қайтариш унинг сайловолди кампаниясининг асосий мақсадларидан бири эди.

Сайлов кунигача бўлган уч ой давомида Ҳаррис ва унинг жамоаси кампанияга муваффақият учун замин яратишда зарур бўлган янги импулс бера олди. Ижтимоий тармоқларда республикачилар тўғрисида сон-саноқсиз мемлар пайдо бўлди, вице-президент номзодини Тейлор Свифт ва Бейонсе каби юлдузлар қўллади, партия рекорд миқдорда хайрия маблағлари йиғди.

Аммо бу электоратнинг катта қисмини қамраб олган Байденга қарши кайфиятни силкитиш учун етарли бўлиб чиқмади.