Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
NASA ХКСдаги астронавтнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотни рад этди
Аввалроқ NASA’даги баъзи шифокорлар ОАВга техник носозлик сабаб Халқаро космик станцияда қолган Сунита Уилямс “кескин вазн йўқотаётгани” ҳақида маълум қилганди.
NASA астронавт Сунита Уилямснинг аҳволи яхши экани ва саломатлигида ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди. Аввалроқ Британия ва Америка нашрлари Уилямс “ҳаддан ташқари озиб кетгани” ҳақида Халқаро космик станция бортидан олинган суратлар орқали астронавтнинг ташқи кўринишини ўрганган айрим шифокорларнинг фикрига асосланиб хабар берганди.
NASA баёнотига кўра, 72-экспедициянинг барча аъзолари станцияда мунтазам равишда режали тиббий кўрикдан ўтказилади. Уларнинг соғлиғи, барча муҳим кўрсаткичлари доимий равишда ердаги мутахассислар томонидан назорат қилинади. Кўплаб миш-мишларга қарамай, агентлик ташвишланишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 59 ёшли Сунита Уилямс шу йилнинг 6 июнида Барри Уилмор билан бирга Boeing Starliner кемаси бортида ХКСга етиб борди. Кема мунтазам парвозларга рухсат олиш учун зарур бўлган синов парвозини амалга оширди. Уилямс ва Уилмор станцияда ўн кундан кўп қолмаслиги, шу кемада Ерга қайтиши режалаштирилган эди. Улар узоқ муддатли экспедицияга тайёргарлик кўрмаган.
Бироқ Starliner кемаси кичик манёвр двигателлари билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. Boeing ва NASA мутахассислари бу муаммоларни ҳал қилиш учун худди шундай қурилмалар билан Ерда синовлар ўтказди. Натижада кемани экипаж билан бирга қайтариш кечиктирилди. Муаммоларнинг бир қисми ҳал қилинганидан кейин ҳам агентлик таваккал қилмасликка ва кемани учувчисиз режимда қайтаришга қарор қилди. Кема сентябрнинг бошларида эсон-омон ерга қўнди.
Уилямс ва Уилморнинг миссияси узайтирилиб, улар ХКСдаги Crew-9 экипажига қўшилди — шу сабабли 2025 йил феврал ойида SpaceX Crew Dragon кемаси ёрдамида Ерга қайтади. ХКСда ўн кун ўрнига саккиз ой қолган астронавтларнинг ўзи бундай парвозга тайёр эканини маълум қилган. NASA ҳам экспедиция иштирокчиларининг жисмоний ҳолатига шубҳа билдирмаяпти. Уилямс ва Уилмор учун зарур озиқ-овқат ва жиҳозлар юк кемаси ёрдамида етказиб берилди.
Маълумот учун, ҳозирда Халқаро космик станцияда NASA нинг тўртта астронавти ва “Роскосмос”нинг учта космонавти фаолият юритмоқда.