Ўзбекистон | 13:40 / 14.11.2024
508
2 дақиқада ўқилади

Бухарестда Ўзбекистон-Руминия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Мадраҳимов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Руминия пойтахтига ташриф буюрди.

Фото: "Дунё" АА

Ташриф доирасида Ўзбекистон-Руминия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 6-давраси бўлиб ўтди. Руминия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Ана Тинка бошчилик қилди.

Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун томонларнинг юқори салоҳиятини рўёбга чиқаришдан томонларнинг манфаатдорлиги тасдиқланди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий муаммолар, турли даражадаги қўшма тадбирларнинг режаси ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ташриф доирасида Руминия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Георге Секулич билан учрашув ўтказилди. Томонлар Ўзбекистон ва Руминия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш истиқболларини, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, турли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ошириш механизмларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, Руминия инвестициялар ва ташқи савдо агентлиги вице-президенти Дору Фрунзуликэ билан музокаралар бўлиб ўтди.

Унда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш юзасидан фикр алмашилди. Руминиянинг етакчи компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

Мавзуга оид