Трамп кичик Кеннедини ССВ раҳбари лавозимига таклиф қилди
Трамп Республикачилар фойдасига сайлов пойгасидан чиққан кичик Кеннедини АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари лавозимига кўрсатди.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп собиқ мустақил номзод кичик Роберт Кеннедини соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (HHS) вазири лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Трамп 14 ноябр, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида тегишли хабар қолдирди.
«Узоқ вақт давомида америкаликлар озиқ-овқат саноати ва фармацевтика компаниялари томонидан оғир вазиятга дучор бўлиб келган, улар жамоат саломатлиги ҳақида гап кетганда алдаш, чалғитиш ва нотўғри маълумот беришади», деб ёзган Трамп.
«Барча америкаликларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги ҳар қандай маъмуриятнинг энг муҳим устувор йўналишидир ва HHS барчани зарарли кимёвий моддалар, ифлослантирувчи моддалар, пестицидлар, фармацевтика препаратлари ва озиқ-овқат қўшимчаларидан ҳимоя қилишда катта рол ўйнайди», дея қўшимча қилди у.
«Кеннеди бу идораларни илмий тадқиқотлар олтин стандарти анъаналарига ва сурункали касалликлар эпидемиясини тугатиш ҳамда Американи яна буюк ва соғлом қилиш учун шаффофлик маёқларига қайтаради!» — деди республикачи.
Маск ва кичик Кеннеди ҳукумат таркибига кирадими?
Сайловолди кампаниясида Трампни фаол қўллаб-қувватлаган миллиардер Илон Маск сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг Овал кабинетда акс этган ўзининг фотоколлажини эълон қилди – афтидан, у энди АҚШ сиёсатида муҳим рол ўйнашига шама қилган. 20 август куни Трамп «агар рози бўлса, ажойиб йигит» Маскка ўз маъмуриятида лавозим таклиф қилишга тайёрлигини айтди. X ижтимоий тармоғи эгаси бунга жавобан «хизмат кўрсатишга тайёр» эканлигини ёзди ва «Ҳукумат самарадорлиги департаменти» ёзуви билан подиум ортида тургани тасвирланган нейрон тармоғи томонидан яратилган суратни илова қилди.
The Hill эҳтиёткорлик билан «Маскнинг позицияси қандай бўлиши ҳали аниқ эмас», деб ёзди, аммо, афтидан, Трамп иммиграция, электромобиллар ва ҳукумат томонидан тартибга солиш каби масалаларда «уни тинглайди». The New York Times газетасининг хабар беришича, Маск аллақачон SpaceX ходимларини давлат лавозимларига тавсия қилган.
Америка матбуоти ҳукумат лавозимларига бошқа номзодларни ҳам келтирди. Хусусан, бу АҚШ президентлигига мустақил номзод бўлган ва август ойида Трамп фойдасига номзодини қайтиб олган кичик Роберт Кеннеди. Трамп кичик Кеннедига ўз маъмуриятида «соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва аёллар саломатлиги» билан боғлиқ масъулиятли лавозимни ишониб топширишни хоҳлашини айтди. The Hill нашрининг ёзишича, бу вазирлик портфели бўлиши даргумон — собиқ демократ номзоди республикачилар кўпчилик бўлса ҳам, Сенат томонидан маъқулланмаслиги эҳтимолга яқин.
Кичик Кеннедининг ўзи Доналд Трамп маъмурияти ичимлик сувидан фторни олиб ташлаш учун кураш олиб боришини айтди. Бундан ташқари, Трампнинг сайловдаги собиқ рақиби вакцинацияни бекор қилишга шошилмасликка ваъда берган – илгари у кенг танқид остига олинган вакциналарга қарши риторикага қарамай.
Мавзуга оид
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
18:22 / 25.12.2024
Дания Трамп баёнотидан кейин Гренландия мудофааси харажатларини оширди
16:18 / 24.12.2024
“Канални савол-жавобсиз қайтариб оламиз” – Трамп Панамага таҳдид қилди
09:53 / 24.12.2024