Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 9 ойлик бюджет ижроси бўйича маълумот берди.

Ҳисобот даврида консолидациялашган бюджет даромадлари 272,1 трлн сўмни, харажатлари эса 307,9 трлн сўмни ташкил этган. Тақчиллик – 35,8 трлн сўм ёки ЯИМнинг 2,5 фоизи.

Маълумот учун, 2024 йил учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги 52,6 трлн сўм миқдорида тасдиқланган.

Январ-сентябр ойларида давлат бюджети даромадлари 193,6 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,1 фоизга ўсган. Даромадлар қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланган:

  • бевосита солиқлар – 64,1 трлн сўм;
  • билвосита солиқлар – 62,3 трлн сўм;
  • ресурс тўловлари ва мулк солиғи – 26,5 трлн сўм;
  • бошқа даромадлар – 40,7 трлн сўм.

Ҳисобот даврида давлат бюджети харажатлари 219,3 трлн сўм бўлган ва ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан харажатлар 8,9 фоизга ошган. Бюджет харажатларининг иқтисодий тасниф бўйича ижроси қуйидагича бўлган:

  • иш ҳақи – 71 трлн сўм;
  • капитал қўйилмалар – 9,4 трлн сўм;
  • асосий воситалар харид қилиш бўйича харажатлар – 3,3 трлн сўм;
  • субсидиялар – 19,8 трлн сўм;
  • ижтимоий нафақалар – 13,6 трлн сўм;
  • трансфертлар – 23,4 трлн сўм;
  • ижтимоий ажратмалар – 17,7 трлн сўм;
  • товар ва хизматлар харид қилиш – 18 трлн сўм;
  • фоиз тўловлари – 9,6 трлн сўм.

Маҳаллий бюджетларнинг молиявий ҳолати

2024 йилнинг 9 ойида маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий фарқ 19,9 трлн сўмни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг катта дефицит Андижон вилоятида қайд этилган. Вилоятда маҳаллий бюджет даромадлари 2,72 трлн сўм, харажатлари эса 4,84 трн сўм, дефицит 2,12 трлн сўм бўлган. Кейинги энг ёмон кўрсаткичлар Фарғона (тақчиллик – 1,96 трлн сўм) ва Наманган (тақчиллик – 1,83 трлн сўм) вилоятларида кузатилган.