Мухолифат кучлари Суриянинг тўртинчи йирик шаҳри бўлмиш Ҳама яқинидаги қишлоқларга етиб келган, деб хабар бермоқда Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш маркази (SOHR).

SOHR кузатувчилари хабар беришича, сўнгги соатларда Башар Асад ҳукумати каттагина қўшимча куч юбориб, Тайбат ал-Имом шаҳрида ҳамда Ҳама вилояти шимолидаги Ҳаттоб ва Суран посёлкаларида, шунингдек, вилоят шимоли-ғарбидаги асосан христианлар истиқомат қилувчи Ас-Сукайлабия ва Махрада шаҳарларида мудофаа чизиғи ташкил этган.

AFP агентлиги манбаси ҳукумат қўшини Ҳалабни бутунлай тарк этганини маълум қилган. Суриянинг иккинчи йирик шаҳри энди деярли тўлиқ «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» ва Туркия таъсиридаги тузилмалардан иборат бўлган мухолифатчилар томонидан назорат қилинмоқда. Айрим туманлар курд кучлари назорати остида.

Идлиб ва Ҳама Ҳалабдан жанубда жойлашган. Мухолифат кучлари вилоятнинг катта қисми, жумладан унинг шимоли-ғарбидаги шу номли маркази Идлиб шаҳри устидан назорат ўрнатган.

Идлиб ўққа тутилиши оқибатлари. Фото: AFP

Сурия мудофаа вазирлиги ҳукумат исёнчи кучлар устига қарши ҳужум бошлашга тайёрланаётганини маълум қилган. Вазирликнинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирилган хабарда айтилишича, Россия ва Сурий ҳарбий самолётлари мухолифатнинг Идлиб ва Ҳамадаги позициялари бўйлаб навбатдаги авиазарбаларни йўллаган.

SOHR маълумотига кўра, Россия авиацияси Идлибдаги қочқинлар лагери бўйлаб беш бор зарба йўллаган, бунинг натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлган.

Кейинроқ SOHR россияликларнинг самолётлари Ҳалабдаги Университет ҳоспитали бўйлаб тўрт бор авиазарба йўллагани, натижада беш киши ҳалок бўлгани, қурбонлар орасида тинч аҳоли вакиллари борлигини маълум қилди.

Суриядаги урушаётган томонларни яраштириш бўйича Россия марказининг кечқурунги ҳисоботида шифохонага ҳужум ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Унда ўтган кун давомида Ҳалаб, Ҳама ва Идлиб вилоятлари бўйлаб ракета-бомбали зарбалар йўллангани айтилган.

2019 йилда New York Times газетаси Россия авиацияси Суриядаги тўртта шифохонани мўлжаллаб йўллаган зарбаларни ҳужжатлаштирганди, аниқ координаталар уларга бундай ҳужумлардан сақланиш учун олдиндан берилганди.

Ҳалаб 2016 йилга қадар суриялик исёнчиларнинг асосий таянчи саналган, шаҳар ҳукумат қўшинларининг Россия авиацияси кўмагида уюштирган шиддатли ҳужумларидан кейин эса қулаган. Суриялик исёнчилар (масалан, Украина мунтазам армиясидан фарқли ўлароқ) ҳеч қачон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига эга бўлмаган, бу эса Россия Ҳаво-космик кучлари самолётлари уриб туширилишидан қўрқмасдан ҳаракатланишига имкон берган.