4 декабр куни мухолифатдаги депутатлар (улар парламентда кўпчиликни ташкил этади, аммо улар президентга ва унинг партиясига мухолифат саналади) Жанубий Корея Миллий мажлисининг қонунчилик бўйича парламент қўмитасига  президентни импичмент қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини киритди. Маҳаллий Ёнҳап агентлиги хабарига кўра, қонун лойиҳасини мухолифатдаги 190 депутат ҳамда мустақил депутатлардан бири имзолаган. Президент мансуб бўлган «Халқ қудрати» вакиллари имзоси йўқ.

Парламентарийлар мудофаа вазири Ким Ён Ҳён импичменти бўйича ҳам қонун лойиҳасини тайёрлашганди, аммо унинг ўзи мамлакат аҳолисидан узр сўраган ҳолда истеъфога чиқиб кетди. У мамлакатда «ҳарбий ҳолат жорий этилишига боғлиқ барча ҳодисалар учун жавобгарликни» зиммасига олишини маълум қилган. Yonhap агентлиги қайд этишича, айнан Ким Ён Ҳён президентга мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш таклифини берган.

Фото: AFP

Президент импичменти бўйича овоз бериш жараёни 6 ёки 7 декабр куни ўтказилиши кутилмоқда. Агар лойиҳа парламент томонидан қабул қилинса, Юннинг ваколати ва мажбуриятлари дарҳол тўхтатилади, бош вазир президент вазифасини бажарувчига айланади. Кейин якуний қарорни Корея Конституциявий суди қабул қилади. Агар суд импичментни маъқулласа, президент лавозимидан четлатилади ва 60 кун ичида янги сайловлар ўтказилиши керак бўлади. Агар суд бундай йўл тутмаса, унда президент Юн ўз жойида қолиши мумкин.

Президентга импичмент эълон қилиниши учун парламент аъзоларидан учдан икки қисмининг, яъни камида 200 нафар депутат овози талаб этилади. Президентнинг «Халқ қудрати» партияси парламентда 108 ўринга эга, бир кун олдин партия раиси Ҳан Дон Ҳун ҳарбий ҳолат жорий этилишига қарши чиққан бўлса-да, ҳозирча партия аъзолари импичмент масаласида қандай овоз бериши номаълум. Президент истеъфоси амалга ошиши учун «Халқ қудрати»нинг ҳам бир неча депутатлари импичментни қўллаши керак бўлади.

Шуниси маълумки, «Халқ қудрати» аллақачон ёпиқ йиғилиш ўтказган. Маҳаллий MBC телеканали хабар беришича, бу йиғилишда партия олий кенгаши аъзоларининг кўпчилиги «Конституция руҳи ҳимояси учун» Юндан партияни тарк этишни талаб қилишга рози бўлган. MBC маълумотига кўра, йиғилишда Давлат кенгашининг (унинг таркибига вазирлар кабинетининг муҳим вакиллари ҳамда бошқа айрим мулозимлар киради) ҳарбий ҳолат жорий этилишига тўсқинлик қилмаган барча аъзолари истеъфосини, шунингдек, мудофаа вазири ишдан бўшатилишини талаб қилишган.

Бундан ташқари, президент офиси президентнинг барча катта котиблари, шунингдек, унинг асосий маслаҳатчиси, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ва миллий сиёсат бўйича директор бугун тонгда истеъфо берганини маълум қилан. Энди президент Юн бу истеъфоларни қабул қилиши керак бўлади. Бу мудофаа вазири истеъфосига ҳам тааллуқли.