Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролар томонидан таксилар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг сифати пастлиги, тўловлар ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар, ҳайдовчиларининг муомаласи, йўловчини манзилга етказиб қўйилмаётгани, асоссиз равишда нархларни ошириш каби мавзуларда мурожаатлар келиб тушган.
Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида “Давр Транс Сервис” МЧЖга бириктирилган “Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча МФЙ” йўналишида (тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм) нархларни сунъий равишда оширган ҳолда ҳайдовчилар томонидан 5000-7000 сўмгача миқдорида йўловчилардан йўл ҳақи олинаётгани аниқланган.
Шу муносабат билан вилоят Транспорт бошқармаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколати доирасида чора кўришни сўраб, қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига маълумот киритган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилардан 5 миллион сўмдан зиёд маблағлар асоссиз равишда ундириб келинганлиги аниқланиб, уларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича юқоридаги МЧЖга тегишли кўрсатма берилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Ш.Х.дан тушган мурожаат ўрганилганда Бухоро вилояти Когон шаҳрида 103- ва 114-йўналишларда ҳаракатланаётган Damas ҳайдовчилари томонидан йўлкира ҳақини асоссиз равишда ошириб, хизмат кўрсатаётгани маълум бўлган.
Ҳудудий бошқарма томонидан “Транспорт назорати Автомобиль ва сув транспортида назорат” Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан мазкур йўналишлар трафаретини қўйиб, йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган транспорт воситалари лицензиялари текширилди. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳридаги бошқармага Yandex такси хизматига буюртма йўл ҳақини нақд пулда тўлашига қарамай, банк пластик карта орқали ҳам йўл кирага қайта пул ечиб олингани юзасидан бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушган. Бундан ташқари, буюртма қилинган байрам тортлари, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга, яъни улар нотўғри манзилга етказилгани, кечиктирилгани ёки умуман етказилмаганига дуч келган истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилган.
Global Star МЧЖ томонидан бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар YandexGо иловасида блокланган, Yandex такси кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.
Жиззах вилоятидаги бошқармага Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.Ш.нинг Жиззах—Пахтакор йўналишида қатновни амалга оширувчи Online Plus МЧЖга тегишли такси хизматидан норозилиги билдирилган мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида ушбу йўналиш бўйича фуқаро тўлаган 40 минг сўмдан ортиқча олинган йўл ҳақи қайтарилиши таъминланди.















