Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Муҳожирларимиз ҳар қанча камситилса ҳам, ТИВдан садо йўқ” — хориждаги ватандошларни ким ҳимоя қилади?
Россиядаги ўзбек муҳожирлари нацистлар давридаги каби қўлларини елкасига қўйиб, олиб ўтилганида ҳам Ташқи ишлар вазирлигидан садо чиқмади, дейди ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов эса ТИВнинг фундаментал вазифаларидан бири хориждаги Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш экани, лекин бу тафаккур жуда заиф қолаётганини таъкидлади.
Kun.uz мухбири Россиядаги ўзбек мигрантлари билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан муҳокама қилди. Суҳбат давомида меҳмонлар Ўзбекистон расмий доиралари, хусусан Ташқи ишлар вазирлигининг меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатларига тўхталиб ўтди.
Ботиржон Шермуҳаммад:
— Эътибор берсангиз, Қирғизистон ва Тожикистон бир неча марта айнан меҳнат муҳожирлари бўйича Россиянинг ҳаракатларига муносабат билдирган. Дипломатик ноталар билан. Лекин Ўзбекистон мен кўрган ҳолатларда фақат бир марта Россияга эътироз билдирди: Захар Прилепиннинг чиқишига қарши. Унинг чиқиши эса Ўзбекистон суверенитетига қарши гап эди, муҳожирлар билан боғлиқ эмасди.
Меҳнат муҳожирларимизга нима бўлса ҳам, қаерда ёки қанчалик камситилган ёки уларнинг ҳуқуқлари бузилган бўлса ҳам… ҳатто Россиядаги ўзбек муҳожирларини Ҳитлер давридаги нацистлар каби қўлларини елкасига қўйиб мажбуран юргизишган тақдирда ҳам, Ўзбекистон ҳукумати ёки Ташқи ишлар вазирлиги ҳеч қандай нота билдиргани йўқ. Очиқчасига биз бу нарсани кўрмадик.
Нега Россияга биздан кўра иқтисодий томондан қарамроқ бўлган давлатлар Қирғизистон ёки Тожикистон норозилик билдира олади? Улар билан ҳеч нарса бўлгани йўқ. Нега биз билдира олмаймиз? Биз катта давлатмиз, аҳолимиз ҳам кўп, иқтисодий имкониятларимиз ҳам кўпроқ.
Ҳозирги кунда Россиянинг саноқли дўсти бор. Биз ва Тожикистон Россия билан иттифоқчи давлатмиз. Иттифоқчилик ҳақида шартномамиз бор, стратегик ҳамкорлик ҳақида шартномамиз бор. Агар иттифоқчи давлатнинг фуқароларига Россияда шундай муносабат билдириладиган бўлса, оддий муносабатдаги давлатларга нима қилади?
Бу нафақат Россия билан. Охирги пайтларда Туркияга боришда ҳам Ўзбекистон фуқароларини чегарадан қўйилмаётган ҳолатлари бўляпти. Бизнинг Туркия билан қанақанги дўстлик шартномаларимиз бор, қардош давлатмиз дейилади. Лекин ҳеч қандай сабабсиз, кимнингдир шахсий фикри асосида Ўзбекистон фуқаролари чегарадан киргизмай қўйиляпти. Ўзбекистон фуқароларининг Грузияга ёки Молдовага киришида ҳам муаммолар бўлиб турибди. Биз уларни Ўзбекистонга қўйяпмиз-ку, нега бизнинг фуқароларга бундай муносабат?
Камолиддин Раббимов:
— Фуқароларни ҳимоя қилиш фақат давлат ичида эмас, ташқи дунёда ҳам бўлиши керак, Ўзбекистонда ҳали шундай зеҳният шаклланмади. Бу – давлатнинг фундаментал вазифаси. Кўпгина давлатларда ватандошларни, хорижга чиққан фуқароларни ҳимоя қилиш ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосарининг фундаментал вазифаси ҳисобланади. Лекин Ўзбекистонда бу тафаккур жуда заиф қолмоқда.
Мисол учун, ишлагани кетадими, дам олгани борадими, ўқиш учун борадими ёки бошқа сабабларми, ўша ташқарига чиққан ўзбекистонликларни ҳимоя қилиш даражаси ўта заиф бўлган ва ҳозиргача заифлигича қоляпти.
Ботиржон Шермуҳаммад:
— Бизда амалдорлар билан гаплашсангиз, уларнинг зеҳниятида биринчи навбатда бизнинг ватандошларимиз ўзлари айбдор. Шу зеҳният сақланиб қолган. Одамлардан “зериккан” бундай амалдорларни алмаштириш керак.
Мана, [Россия Тергов қўмитаси раиси Александр] Бастрикин бизникиларни шарманда қилди. Санкт Петербургдаги юридик форумда айтган гапи: “Ўзбекистон Бош прокуратурасига бордик, муҳожирлар бўйича гаплашдик. Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимлари айтяптики: Сизлар нимага булар билан юрибсизлар, бизгаям керакмас бу одамлар, қизиқмас, деди”.
Бастрикин шу нарсани катта бир форумда айтяпти, бу гаплар ОАВларда чиқиб кетди. Ўзбекистон Бош прокуратураси “бу [Бастрикин] ёлғон гапирди, биз ўзимизнинг фуқароларимизга бунақа муносабат билдирмаймиз”, деб айтолгани йўқ. Ёки улар шуни айтишга ҳам қўрқади, ёки ҳақиқатан ҳам шунақа фикрлайди.

Камолиддин Раббимов:
— Россия тарафи ўзимизникилардан шу гапларни эшитганидан кейин, ичкарида хоҳлаганича репрессия қилади-да.
***
Тўлиқ интервю билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Мавзуга оид
08:39 / 28.05.2026
Брюсселда ўзбекистонлик фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
09:07 / 14.05.2026
Россияда қурилишда бахтсиз ҳодиса: ўзбекистонлик ҳалок бўлди
10:44 / 23.04.2026
Кореяда вафот этган ўзбекистонлик қиз ҳақида расмий баёнот берилди
19:46 / 07.07.2025