Бугун тахминан 2,5 миллион ўзбекистонлик хорижда меҳнат қиляпти. Улар ватанга юбораётган пуллар ҳажми олтин экспорти тушумларидан ҳам кўпроқ, ЯИМнинг нақ 14 фоизидан ошади. Kun.uz Халқаро меҳнат мигрантлари кунида чет элда ишлаётган ватандошларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрнига эътибор қаратди.

БМТ Бош ассамблеясининг таклифига биноан 2000 йилдан буён ҳар йили 18 декабр Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонланади. 1990 йилнинг худди шу кунида “Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги халқаро конвенция қабул қилинганди.

Дунёда қанча мигрант бор?

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги муҳожирлар сони 281 миллиондан ошади. Бу эса сўнгги 50 йил ичида мигрантлар сони уч бараварга кўпайганини англатади. Уларнинг асосий қисми ишсизлик, маиший муаммолар ва сифатли таълим излаб ўз мамлакатини тарк этишган.

Ўз навбатида йилдан йилга мигрантлар томонидан ўз ватанига амалга оширган пул ўтказмалари миқдори ҳам ошиб боряпти. Хусусан, бу кўрсаткич 2000 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда 650 фоизга ёки 128 млрд доллардан 831 млрд долларгача кўпайган.

Охирги ўн йилликдаги мигрантлар учун энг жозибадор давлатлар сифатида АҚШ, Германия ва Канадани келтириш мумкин. Ушбу мамлакатлардаги муҳожирлар сони кескин ошиб бораётгани ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, 1970 йилда Қўшма Штатларда 12 млн халқаро муҳожир яшаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 50 млндан ошган. Германия аҳолисининг ҳам 18 фоиздан ортиқ қисмини муҳожирлар ташкил қилади. Шунингдек, Саудия Арабистони, БАА каби бой араб мамлакатлари ҳам мигрантлар учун жозибадор давлатлардир.

Муҳожирлар томонидан энг кўп пул ўтказмалари АҚШдан амалга оширилади. Бу миқдор 2022 йилда 79 млрд доллардан кўпроқни ташкил этган. Кейинги ўринларда Саудия Арабистони (39 млрд доллар), Швейцария (31,9 млрд доллар) ва Германия (25,6 млрд доллар) туради.