«Манчестер Сити»нинг инқирози бу ҳафта ҳам давом этармикин? Икки томондан келиб, оқибатда турнир жадвалида қўшни бўлиб қолган «Барселона» ва «Атлетико» баҳсида ғолиб ким бўлади? Бу ҳафта ҳам Европада қизиқарли тўқнашувлар етарли. Шунингдек, кучли бешликда тўп сураётган легионерларимизга алоҳида эътибор қаратишимизга тўғри келади. «Рома» сафидаги сўнгги чиқишини гол билан якунлаган Шомуродовга мураббий яна бир имконият беришидан умид қилсак, Ҳусановнинг Франция кубогида «ПСЖ»га қарши бу сафарги ўйини муваффақиятлироқ бўлишига ишонамиз.

АСТОН ВИЛЛА – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 декабр, 17:30)

Англия Премьер-Лигаси турнир жадвалининг ўрта қисми шу қадар зички, масалан, «Астон Вилла» ушбу ўйинда ғалаба қозонадиган бўлса, кучли тўртликка кириб олиши, ютқазиб қўйса, ҳатто 13-ўринга тушиб кетиши ҳам мумкин. 13-ўриндаги «Манчестер Юнайтед» бирминҳэмликлардан атиги уч очко кам жамғарган холос.

Аммо бу ўйиннинг бош қаҳрамони албатта, «Манчестер Сити» жамоасидир. «Шаҳарликлар» инқирози шу қадар узоқ муддат давом этмоқдаки, Пеп Гвардиола аллақачон Жозе Моуринио каби аввалги ютуқларини санашни ҳам, Эрик тен Ҳаг каби жароҳатларни баҳона қилишни ҳам бошлаб юборди. Тан олиш керак, жамоада албатта жароҳатлар таъсири жуда оғриқлик кечяпти. «Манчестер Сити» бир неча йил олдин жуда яхши йўлга қўйилган прессинг орқали ўйинларни назорат қилган бўлса, кейинчалик, таркибнинг бироз ёши ўтиб, тезлик пасайгач, шунингдек, Ҳоланд келиб, жамоа ўйини бироз соддалашгач, асосий оғирлик ҳимоячиларга туша бошлади. Пеп Канселу ёки Зинченко каби асосан олдинги чизиқда ҳаракат қиладиган фулбэклар эмас, қанотларда ҳам марказий ҳимоячилардан фойдаланиш орқали рақибларда қийинчилик туғдира бошлаганди. Тўрт марказий ҳимоячи ва Родри рақибнинг ҳар қандай қарши ҳужумини назорат қила олар, бу эса олдинги чизикдагиларга эркинлик берарди.

Ушбу мавсумда айнан Родрининг, шунингдек, марказий ҳимоячиларнинг жароҳатлари Пепнинг режаларига кучли зарба бермоқда. Тўғри, ҳимоячилар бирдагина сафдан чиқишмаяпти, аммо бири қайтгунча, иккинчиси жароҳат олиб, кераклича ротация қилиш имконини бермаяпти. Мисол учун бу ўйин олдидан Аканжининг машғулотларга қайтгани ҳақида хабарлар чиққанди, орқасидан Диашнинг бир неча ҳафтага сафдан чиққани маълум бўлмоқда. Гвардиола яна экспериментлар қилишга мажбур. Эдерсоннинг ҳам майдонга тушиш эҳтимоли кам.

«Астон Вилла»да эса йўқотишлар деярли йўқ. Леон Бэйли ва Рэмзиларсиз жамоа ўйнашни ўрганиб олган. Шу билан бирга Эмери жамоасининг бошқа фронтларда ҳам қатнашаётгани ҳар бир жароҳатнинг салбий таъсирини бадтар оширади. Сафдан чиққан футболчи етакчи бўлмаслиги, ҳатто асосий таркибда ўринга эга бўлмаслиги мумкин, аммо баъзи дақиқаларда асосий футболчиларнинг ўрнига тушадиган одам бўлмаса, муҳим футболчиларга юклама кўпроқ бўлади. Бу эса ўз навбатида уларнинг спорт формасига жиддий таъсир ўтказади.