Мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳадаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев kun.uz мухбирига гапириб берди.
Аҳолига давлат хизматларини қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини ошириш ва фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2024 йил 18 декабрдаги 847-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 5 турдаги давлат хизматлари проактив тарзда кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.
Проактив давлат хизмати дейилганда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматлари тушунилади. Ушбу қарор билан:
- электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
- табиий газни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
- ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
- иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан ўтказиш;
- хусусий бандлик агентликларини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш хизматларини проактив тарзда кўрсатилиши белгиланди.
Мисол тариқасида, ичимлик сувини ҳисобга олиш ускуналарини даврий қиёслашдан (жисмоний шахслар учун – 8 йил, юридик шахслар учун – 4 йил) ўтказиш эндиликда истеъмолчиларнинг мурожаатисиз амалга оширилади.
Бунда, таъминотчи корхонанинг масъул ходими ҳисобга олиш ускунасининг даврий қиёслов муддатига 3 ой қолганда проактив шаклда ҳисобга олиш ускунаси мулкдорининг иштирокида ҳисобга олиш ускунасини ечиб олади ва 2 нусхада далолатнома тузади.
Шундан сўнг, ҳисобга олиш ускунаси таъминотчи корхона томонидан далолатнома билан бирга метрология хизматига топширилади ва 3 иш куни ичида метрология хизмати томонидан қиёслашдан ўтказилади.
Ҳисобга олиш ускунаси қиёслашдан ўтказилгандан сўнг, таъминотчи корхона томонидан 3 иш куни ичида ҳисобга олиш ускунаси фуқаронинг иштирокида ўрнатилиб, 3 нусхада далолатнома тузилган ҳолда тамғаланади.











