SpaceX ва Tesla асосчиси, тадбиркор ва миллиардер, дунёнинг энг таъсири кучли шахсларидан бири Илон Маск келажакка оид фикрлари, тахминлари билан ҳам машҳур. Унинг ҳамма айтганлари ҳам рўёбга чиқавермайди, аксинча, кўпчилиги фантастик туюлади. Автоном транспорт воситалари, робототехника, космос ва сунъий идрок — Илон Маскни энг кўп қизиқтирадиган соҳалардир. Hi-Теch Mail нашри тадбиркорнинг 2025 йилга мўлжалланган оптимистик прогнозларини ўрганиб чиқди.

Tesla сотуви 30 фоизга ошади

Tesla акциядорларининг йиғилишида компания бош директори Илон Маск 2025 йил учун жуда оптимистик башорат айтди. Унинг таъкидлашича, электромобиллар сотувининг ҳажми 20-30 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Фото: Unsplash

Бундай сезиларли ўсиш арзонроқ ва оммабоп моделларни ишлаб чиқариш, шунингдек, Model 3 ва Model Y туркумларига жиддий чегирмалар тақдим этиш ҳисобига юз беради. Tesla Cybertruck электр юк машинасининг арзонроқ версияларини яратиш ваъдасини бажарса, ушбу модел ҳам янада арзонлашиши мумкин.

Агар ҳаммаси режадагидек кетса, 2025 йилда янги ҳайдовчисиз Cybercab таксиларини ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилади. Бу эса йилига қўшимча 2 миллион, 2026 йилга келиб ҳатто 4 миллион электромобилни ташкил этади. Tesla компаниясининг яқин келажакдаги улкан режалари ана шулардан иборат.

Сунъий идрок одамлардан ақллироқ бўлади

Сунъий идрок сайёрамиздаги энг ақлли инсонларни ортда қолдириш даражасига тобора яқинлашмоқда. Келаси йил охиригача исталган одамдан ақллироқ машиналар пайдо бўлади, 2029 йилга келиб эса бутун инсониятнинг билими жамланганда ҳам сунъий идрокка етолмай қолади, деган фикрда Маск.

Фото: Unsplash

Одамга хос ақлий қобилиятларга тақлид қилувчи сунъий идрокни ишлаб чиқиш суръатлари жадаллашмоқда. Бунинг оқибатлари бутун инсоният учун муҳим. Компютерлар ҳар қандай маълумотни қайта ишлашда инсонлардан кўра тезроқ, самаралироқ ва арзонроқ ишлашга қодир бўлади. Масалан, сунъий идрок янги технологияларни самаралироқ ихтиро қилади, болаларни яхшироқ ўқитади, беморларга аниқроқ ташхис қўяди, инсон хатолари эҳтимоли эса минимал даражага тушади.