25 декабр куни Embraer E190 самолёти Бокудан Грознийга J28243-рейсини амалга ошираётганди. Омон қолган йўловчиларнинг кўрсатмаларига кўра, икки бор қўнишга муваффақиятсиз уринишдан кейинги учинчи уриниш вақтида улар портлашга ўхшаган кучли овозни эшитишган.

Шундан кейин самолётни бошқариш қийинлашганига қарамай, учувчилар уни Қозоғистоннинг Каспий денгиз бўйидаги Оқтов шаҳригача олиб боришган, самолёт қўнишга уриниш вақтида ерга урилиб, қисмларга ажралган ва бир қисми ёниб кетган.

Самолёт бортида 67 киши бор эди, шундан 38 нафари ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида — самолётнинг икки учувчиси ҳам бор.

Интернетда самолёт Грозний ҳудудида зенит қурилмасидан отилган ракета зарбасига учрагани ҳақидаги версия оммалашмоқда, тарқалган кадрларда унинг дум қисмида ракета зарбасига хос излар қолган

Reuters агентлигининг Озарбойжондаги манбалари, жумладан, авиаҳалокат терговининг дастлабки натижаларидан хабардор бўлган манба бу версия эҳтимоли юқори экани ва мамлакатдагилар айнан шу версияга ишонаётганини ва Россия бу масалада расмий баёнот беришини кутишаётганини айтган.

«Ҳеч ким бу атайлаб қилинган деб даъво қилмайди. Аммо, аниқланган фактларни ҳисобга олган ҳолда, Боку Россия томони Озарбойжон самолётини уриб туширганини тан олишини кутмоқда», — деган агентлик манбаси.

Аммо пайшанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлардан «тергов хулосасигача қандайдир фаразлар яратмаслик»ни сўради.

Россия нашрларида ҳодисанинг бошқа версиялари кўриб чиқилмоқда — қушлар галаси билан тўқнашув ёки бортдаги носозлик.

BBC рус хизмати авиаҳалокат ҳақидаги ҳозирча жавоби йўқ бўлган саволларни тўплади.

Авиалайнер ердан ўққа тутилганми?

Бу авиаҳалокат бўйича асосий масала. Самолёт қулаганидан кейин бутун қолган дум қисмида аниқланган шикастланишлар табиати ҳам у ўққа тутилгани ҳақидаги версияни қўллаб-қувватлайди.

Самолёт қопламасида зенит ракетанинг шикастловчи элементлари тегиши натижасида ҳосил бўладиган тешиклар яққол кўриниб турибди.