Олий таълим билан ҳамкорлик
Туронбанкда ёшлар салоҳиятини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари билан чуқур ҳамкорлик ўрнатилган. Масалан, III ва IV босқич талабалари орасидан махсус тест синовлари ҳамда суҳбатлар асосида номзодлар танлаб олиниб, амалиётга жалб этилади. “Туронбанк стипендияси” эксклюзив лойиҳаси доирасида эса олий таълим муассасаларига юқори балл билан қабул қилинган иқтидорли ёшлар танлаб олиниб, уларга стипендия ажратилмоқда. Шунингдек, талаба-ёшлар учун олий ўқув юртларида махсус экспериментал база сифатида “Смарт ўқув хоналар” ташкил қилинди.

Интеллектуал салоҳиятни ошириш мақсадида банк “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилишини анъанага айлантирди, бу эса ёшларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиради. Мазкур ўйинлар турли босқичларда ташкил қилинади ва ғолибларга қимматбаҳо совғалар ҳамда пул мукофотлари тақдим этилади.
Соғлом танда-соғ ақл!
Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортга катта эътибор қаратилади, 2024 йил давомида ўтказилган спорт мусобақаларида, хусусан, стол-тенниси бўйича 60 нафар, шахмат-шашка ўйинларида 55 нафар, сузишда 60 нафар, футболда эса 200 нафарга яқин ходим иштирок этди.

Бундан ташқари, Туронбанк мамлакатимизда шахматнинг янада ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида Марказий Осиёда энг ёш халқаро гроссмейстер сифатида танилган, 44-шахмат олимпиадаси ғолиби ва “Ўзбекистон ифтихори” медали соҳиби Жаҳонгир Воҳидов билан ҳамкорликни йўлга қўйган ва Жаҳонгир Воҳидов Туронбанк брендининг расмий элчиси сифатида фаолият юритади.
Туронбанк Ўзбекистонда сават француз бокси спорт турини оммалаштиришга ҳам алоҳида эътиборини қаратган. Банк Бошқаруви Раиси Чори Мирзаев Ўзбекистон “Сават” француз бокси ассоциацияси президенти ҳамдир.

Юртимизда мазкур спорт турини оммалаштириш, ёшларни ушбу спорт турига қизиқтириш мақсадида жойлардаги фойдаланилмаётган ва бўш турган майдонлар таъмирланиб ёпиқ спортзаллар ташкил этилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур спорт тури билан 1300 дан зиёд ёшлар шуғулланмоқда.

















