Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон Европага «яшил энергетика йўлаги»ни яратиш лойиҳаси доирасида таъсис шартномасини имзолади

Энергетика вазирлиги хабар беришича, шартнома уч мамлакатнинг магистраль электр тармоқлари операторлари — Озарбойжоннинг Azerenerji, Қозоғистоннинг KEGOC ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» томонидан видео-алоқа доирасида имзоланди.

Ҳужжат уч давлат президентлари томонидан 13 ноябр куни имзоланган битимни амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқининг «Яшил битим» (2050 йилга қадар иссиқхона газлари ва атроф-муҳитнинг умумий ифлосланишини нолга тушириш режасига эришиш) каби янги ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда электр энергияси савдоси имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Томонлар лойиҳани амалга ошириш учун Бокуда қўшма корхона ташкил этишга келишиб олди. Маслаҳатчи вазифасини Италиянинг CESI компанияси бажаради ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқади.