1 январ куни Европа футбол лигаларида қишки трансферлар ойнаси очилди ва илк трансферлар расмийлаштирилди. Энг қизиқ трансферлар эса ҳали олдинда. Қуйида кейинги бир ой давомида қайси футболчи қайси клубга ўтиши мумкинлиги ҳақидаги сўнгги хабарлар келтирилади.

Абдуқодир Ҳусанов яна бир гранд клуб нигоҳида

«Манчестер Сити» Ўзбекистон миллий жамоаси вакилига қизиқмоқда. Жаҳон футболидаги нуфузли инсайдерлардан бири Фабрицио Романо хабар беришича, «шаҳарликлар» клуби «Ланс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни қишки трансферлар ойнаси учун шорт-листига киритган. 

Ҳусанов айни вақтда Европа лигаларида ўз позициясида энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Жорий мавсумни юқори савияда ўтказаётган 20 ёшли футболчига Европанинг бошқа топ-клубларидан ҳам қизиқишлар мавжуд. Декабр ойида The Telegraph АПЛнинг етти клуби унга қизиқиш билдираётгани, бу клублар қаторида  «Тоттенҳэм» ва «Нюкасл» номлари борлигини хабар қилганди. Шунингдек, унинг номи «ПСЖ» ва «Реал» билан ҳам боғланган.

Абдуқодир французлар клубига 2023 йилда 100 минг евро эвазига Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клубидан ўтганди. У Франция чемпионатининг жорий мавсумида жамоасининг асосий таркиб футболчисига айланди ва қатор ўйинларда энг яхши футболчи деб топилди. Шунингдек, мухлислар талқинига кўра у лиганинг 1-давра якунларига кўра рамзий жамоасидан жой олган.

Манчестер клублари ҳақида ишончли инсайдер ҳисобланган Саймон Байковскининг ёзишича, «Манчестер Сити» Ҳусановни Беларусдаги фаолиятидан бошлаб кузатиб келади.

У Manchester Evening News нашридаги колонкасида клуб унга 2023 йилги мавсум бошидан буён қизиқиб келаётгани, фақат ўша вақтда унга асосий таркиб учун номзод сифатида эмас, келажакда таркибни кучайтириши мумкин бўлган истиқболли футболчилардан бири сифатида қарагани ҳақида ёзган.

Transfermarkt порталида унинг трансфер баҳоси 12 млн евро қилиб кўрсатилган. Байковскининг маълумотига кўра, «Ланс» унинг трансферидан камида 25 млн евро ишлаб олишни кўзлаган. 

Элдор Шомуродов жамоасини ўзгартириши мумкин

Италиянинг «Эмполи» клуби ўзбекистонлик бошқа бир футболчи Элдор Шомуродовга қизиқиш билдирмоқда.
Жанлука Ди Марционинг маълумотига кўра, италянлар клуби асосий ҳужумчиси Петро Пеллегри жароҳатлангани туфайли ушбу позицияни мустаҳкамлаш устида ишламоқда ва «Рома» ҳужумчиси биринчи вариант ҳисобланади.

Ўз навбатида, 29 ёшли футболчи ҳам ёзда Рим клубига Артём Добвик келганидан кейин асосий таркибга кириш имкониятини йўқотди, қолаверса, клубнинг натижалари ёмонлашгач, унга ишонч билдирилмай қўйди. Шомуродов А Сериянинг жорий мавсумида фақат 8 ўйинда, барчасида захирадан тушиб иштирок этган ва кўрсаткичлари ҳам шунга яраша: 1 гол ва 1 ассист.