Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 1975 йилдан 2016 йилгача дунё бўйлаб семизлик уч баробар кўпайди ва бугунги кунда бир миллиарддан ортиқ одам, яъни дунё аҳолисининг тахминан 13 фоизга яқини ортиқча вазндан азият чекмоқда. Вазият йилдан йилга жиддийлашиб боргани сабаб, БМТ 2016-2025 йилларни “Озиқланиш муаммоларига қарши курашиш ўн йиллиги” деб эълон қилган. Шунга қарамай вазият ўнгланмади, катталар ва болалар орасида ортиқча вазн ва семизлик муаммолари кўпайишда давом этмоқда.

Жумладан, 1990 йилдан 2022 йилгача глобал миқёсда 5-19 ёшдаги болалар ва ўсмирлар орасида семизлик билан яшовчилар тўрт баробар, яъни 2 фоиздан 8 фоизгача, 18 ва ундан катта ёшдагилар орасида эса икки баробардан кўпроқ, яъни 7 фоиздан 16 фоизгача ошди. Бир вақтлар фақат юқори даромадли мамлакатларда бундай муаммо юзага келган бўлса, бугунги кунда баъзи ўрта даромадли давлатлар ҳам ортиқча вазн ва семизлик даражаси бўйича рейтинглардаги юқори ўринларни бошқаларга бермаяпти.

Хўш, нима сабабдан одамлар орасида вазн билан боғлиқ ҳолатлар ортиб бормоқда? Масаланинг туб илдизи қайси факторларга бориб тақалади? Таомлар таркиби ва шакли ортиқча вазн тўплашда қай даражада ричаг вазифасини бажаради?

Таомнинг тақдим этилиш шакли иштаҳа даражасини белгилайди

Озиқ-овқат маҳсулотларининг нафақат ранги ва тузилиши, балки унинг қандай идишда, қанча ҳажмда ва қай усулда тақдим этилиши ҳам иштаҳанинг қўзғалиш даражасига таъсир кўрсатади. Бу тўғридан тўғри қанча таом ейишимиз ва қанча калория тўплашимизни белгилайди.

Тадқиқотларда аниқланишича, овқат сузиладиган идишнинг ҳажми истеъмол истагини олдиндан белгилаб беради. Мисол учун, турли ўлчамдаги ликопчаларга бир хил миқдорда солинган овқат бизга ҳажм жиҳатдан бир-биридан фарқли кўринади. Бу тушунча Нидерландиядаги Вагенинген университетининг озиқ-овқат истеъмоли фанлари бўйича доценти Эллен ван Клиф томонидан ўтказилган тадқиқотда ўз тасдиғини топган.