Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Она тили» газетасига берган интервюсида мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан муносабатлари ҳақида гапирди. Интервю давомида у 2021 йилда Назарбоевнинг «сиёсий андишасизлиги» ҳатто хорижлик дипломатларни ҳам ҳайрон қолдирганини таъкидлаб ўтди.
Тўқаев Назарбоев бошқарувига баҳо берар экан, ҳар қандай тарихий даврнинг «ёрқин ва қоронғи томонлари» борлигини, лекин ижобий томонлари унинг фикрича, «ҳар ҳолда анча кўп бўлганини» таъкидлади.
«Бундай ютуқларни рад этиш тўғри бўлмайди. Биз адолатли давлат қурар эканмиз, тарих ва уни яратганларга ҳам шу каби муносабатда бўлишимиз керак. Бу миллатимиз келажаги учун керак. Сиёсий конъюнктура фойдасига тарихни қайтадан бичиш мумкин эмас ва айниқса, тарихни тоза қоғозга қайтадан ёзиш хавфли», — дейди Қозоғистон етакчиси.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, Назарбоевнинг кўп йиллик бошқаруви даврида «камчиликлар» бўлган, аммо «ишламаган одамгина хато қилмайди».
«Истеъфога чиққанидан сўнг Хавфсизлик кенгаши раиси сифатида қолиб, очиғини айтганда, у сиёсий андишаси билан ажралиб турмади, бош вазир, Миллий банк раиси, вазирлар, ҳокимлар иштирокида мунтазам равишда йиғилишлар ўтказди. Бунга ҳатто хорижлик раҳбар ва дипломатлар ҳам ҳайрат билан қаради, жамоатчилигимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто «истеъфодан кейин Назарбоевнинг лавозими ошиб, президентни ҳам ўзига бўйсундирди», деган ҳазил пайдо бўлди. Аммо аслида ҳазиллашадиган вазият эмасди», — дейди Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Таъкидланишича, бундай вазият икки ҳокимиятчилик ҳақида миш-мишлар тўлқинини келтириб чиқарган. «Мансабдорлар синфи гоҳ у, гоҳ бу кабинетга кириб, топшириқларни чалкаштириб, саросимага тушиб қолди. Қатор амалдорлар ҳатто «Элбоши институти президент ҳокимиятидан юқори туриши керак», дея бу ғайритабиий вазиятни юридик жиҳатдан асослашга ҳаракат қилди», — дейди Тўқаев.
Қозоғистон президентининг қайд этишича, Назарбоевнинг 2021 йил ноябр ойида ўтказилган Astana Club йиғилишида 92 ёшли Махатхир Муҳаммадга ҳавола берган ҳолда Оқ ўрдага қайтиш имконияти ҳақидаги баёноти ва собиқ президентнинг ўша йилнинг декабр ойида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ саммитидаги иштироки ҳокимият инқирозига олиб келган муҳим бурилиш бўлган.
«Аммо ҳозир соғлом фикр юритиб, Нурсултон Назарбоевнинг Қозоғистон олдидаги тарихий хизматларини муносиб баҳолаш керак. Президент сифатида давлат манфаатлари ва халқимиз бирлигини ўйлашга мажбурман», — дейди Тўқаев.







