«Umid auto leasing» иши анча олдин тилга тушганди: шартнома қилинган мижозларга машиналар ўз вақтида берилмаган, бундан норозиларга эса пули қайтарилмаган. Ушбу МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилган. Бироқ шундай бўлишига қарамай «Umid auto leasing» билан шартнома тузаётган ва пуч ваъдага учаётганлар ҳамон топилмоқда.

Ўзбекистонда одамлар энг кўп алданиб қоладиган фирибгарлик турларидан бири автомобил олди-сотдиси ҳисобланади. 3 ой ичида 19 мингдан ортиқ одам 57 млрд сўмга чув тушган “Авто 60 ой” иши, “Mega Auto Leasin” ҳамда “Mega Car Leasin” МЧЖлар иши бунга мисол.

Шу боис Рақобат қўмитаси фуқароларни автолизинг фирмалар билан шартнома тузишда огоҳ бўлишга, алданиб қолмасликка чақирганди. Қўмита бир нечта автолизинг фирмаларнинг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилганини, уларга алданиб қолган фуқаролардан мурожаатлар кўпайганини маълум қилганди. Ушбу фирмалар орасида «Umid auto leasing», «Umid lizing Tashkent», «Umid auto», «Umid avto Tashkent», «Umid avto lizing», «Mega Avto Leasin-Hamkor», «Mega Avto Leasin», «Samo Rimmax Avto», «Rimmax Auto Leasin», «Ishonch Auto Leasin», «Asr Auto Leasin», «Baraka Avto Baraka Business» каби МЧЖлар бор.

Машина харид қилиш учун «Umid auto leasing» МЧЖ билан шартнома тузиб, куйиб қолганлар ҳам анчагина. Улар бир неча йилдирки на машинасини, на тўлаган пулини ололмай юрибди. Ана шундай жабрланувчилар Kun.uz’га мурожаат қилди.

2023 йил апрел ойида тўлов қилгандим. Шунда улар бизга чегирма қилдик, халққа хизмат қиладиган одамлармиз, деди. Кейин шартнома тузиб, 97 млн сўм тўлов қилдим. Йил охиригача машинадан дарак бўлмади. 8-9 марта мурожаат қилдим. Охири берилмаслиги аниқ бўлгач, 13 декабр куни ИИБга ариза ёздим.

Шундан кейин аввалига пулни 40 кунда қайтарамиз, деб алдади. Келиб сўрасам ҳатто “3 та машина таклиф қилдик, сиз олмадингиз”, дея туҳмат ҳам қилмоқда. Сўнгра пулингизни бермаймиз, дейишди. Ушбу ҳолатдан кейин судга мурожаат қилдим. 16 октябр куни МИБга ўтди. Масала ҳал бўлгани йўқ