Кучли бешликда кичик танаффуслар, турли даражадаги кубок ва суперкубок ўйинларидан сўнг, асосий турнир – чемпионатлар учун қизғин палла бошланмоқда. «Ювентус»нинг мағлубиятсиз сериясига «Милан» чек қўя оладими? Эмери яна «Арсенал»ни чалиб қолишга қодирми? «Манчестер Юнайтед» АПЛ ушбу мавсумида қаторасига икки ғалабага эришишни ниҳоят эплай оладими? Конте пешқадамликни мустаҳкамлай оладими? Ушбу дам олиш кунларидаги ўйинларни томоша қилиб жуда кўп саволларга жавоб топиш мумкин.

ЮВЕНТУС – МИЛАН (18 январ, 22:00)

«Ювентус» сўнгги А Сериядаги сўнгги уч ўйинини ҳам дуранг билан якунлади ва чемпионатдаги дуранглар сонини 13 тага етказди. Кучли бешликда «ПСЖ» билан биргаликда ҳалигача мағлубият нималигини билмай келаётган туринликлар чемпионлик кураши тугул, ҳатто кучли тўртликда ҳам эмаслар. Ҳаммаси шу дуранглар сабабли. Бундай муаммо қайсидир маънода «Милан»да ҳам бор. Миланликлар барча мусобақаларда 8 ўйиндани бери мағлубиятга учрамай келаётган бўлишса-да, кераксиз дуранглар ҳам кўпайиб кетяпти. Жумладан, «Женоа», «Рома» ва «Кальяри» билан ўз майдонидаги дуранглар, албатта, мухлислар томонидан кутилмаганди.

Яхши гаплар ҳам бор. «Рома» билан ўйинда Фонсека ҳакам томонидан майдондан четлатилгач, ўша қизил карточка мураббийни нафақат ўйиндан, бутунлай «Милан»дан четлатган бўлиб чиқди. Сержиу Консейсау янги мураббий этиб тайинлангач эса «Милан» кутилмаганда мамлакат суперкубогини қўлга киритди. Ушбу мусобақа яримфиналида айнан «Ювентус» устидан иродали ғалаба қозонилганини ҳам таъкидлаш керак. Қизиғи, Консейсау қўл остида миланликлар 3 та ғалабага эришган бўлса, учаласи ҳам ҳисобда орқада бўлиб туриб қўлга киритилди. Иродани намойиш қилиш яхши, аммо бошқа томондан бу ҳолатга ижобий баҳо бериб ҳам бўлмайди. Демак ҳали ўйинларга тайёргарлик, тактика борасида жамоа тўлиқ ўзгармаган, шунчаки Консейсаунинг харизмаси, шогирдларини эмоционал томондан тўғри йўналтира олаётгани, сўнгги дақиқаларгача курашиш, ўзига ишонч катта экани сабабли якунда бурилиш ясай олишмоқда. Бундан келиб чиқсак, навбатдаги ўйин ҳам «Милан»нинг бугунги ҳолати, балки келажаги ҳақида ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз учун замин яратади.

Ўзаро ўйинларга қарасак, қизиқ фактлар ўртага чиқади. Масалан, «Ювентус» беш ўйиндан бери ўз майдонида «Милан»ни юта олмай келмоқда. 2019 йилда «Ювентус» Дибаланинг голи ёрдамида «Милан»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этганида, бу мезбонлар учун азалий рақиби устидан қаторасига тўққизинчи ғалабаси эди. Аммо шундан сўнг устунлик қизил-қоралар томонига ўтди. Туринда «Ювентус» юта олмай келяпти. Тўғри, шу оралиқда Миланда кечган ўйинларда икки марта «Ювентус» ғалаба қозонганини ҳам айтиб ўтиш керак.

Таркибларга келсак, афсуски Чико Консейсаунинг жароҳати яна бир яхши интригадан маҳрум қилади. Унинг «Ювентус» таркибида отасининг жамоасига қарши қандай ўйин кўрсатиши чиндан ҳам жуда қизиқ бўларди. Мезбонлар таркибида бошқа йўқотишлар йўқ, зеро Милик, Бремер каби футболчилар мавсум охиригача ўйнай олмасликлари маълум. Меҳмонлар сафида йўқотишлар кўпроқ – Пулишич, Флоренци, Чуквезе, Лофтус Чик каби футболчилар шерикларига ёрдам бера олишмайди. Алваро Мората эса «Комо»га қарши ўйинда сариқ карточка олди ва бу футболчининг дисквалификациясига сабаб бўладиган сўнгги огоҳлантириш эди.