Жаҳон | 10:30 / 28.01.2025
2314
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Молдовага Днестрбўйига газ етказиб бериш учун 30 млн евро ажратади

Молдовага таклиф этилаётган Европа Иттифоқи ёрдам пакети энергия инқирозини енгиш учун Днестрбўйига табиий газ сотиб олиш ва ташиш учун маблағни ўз ичига олади.

Фото: Global Look Press/MOLDPRES/XinHua

Европа Иттифоқи Молдовага тан олинмаган Днестрбўйи минтақасидаги энергетик инқирозни енгиш учун 30 миллион евролик фавқулодда ёрдам пакетини таклиф қилди. «Биз Днестрбўйи аҳолисини газ билан таъминлаб, уларнинг электр ва иссиқлик таъминотидан фойдаланиш имкониятини тиклаймиз», деди 27 январ, душанба куни Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.

Еврокомиссия пресс-релизида айтилишича, пакетнинг бир қисми сифатида ЕИ «2025 йил 10 февралгача минтақанинг 350 мингдан ортиқ аҳолисини электр ва иссиқлик таъминотини тиклашга ёрдам бериш учун Днестрбўйига табиий газ сотиб олиш ва ташишни молиялаштиришга тайёр».

Бундан ташқари, ЕИ «яқин ҳафталарда Молдовага инқирознинг ўз фуқароларига ижтимоий таъсирини юмшатиш, шу билан бирга мамлакатда узоқ муддатли энергия барқарорлиги ва иқтисодий ўсиш учун асос яратишга қаратилган молиявий ёрдам пакетини тақдим этиш мажбуриятини олади».

Молдова Днестрбўйига 3 млн куб метр газни қарзга беради

Аввалроқ Молдова бош вазири Дорин Речеан мамлакат ҳукумати тизимдаги босимни ушлаб туриш учун Днестрбўйига 3 миллион куб метр газни қарзга беришини айтди. Гап 1 февралдан 10 февралгача бўлган даврда расмийларнинг шошилинч аралашуви ҳақида бормоқда. Бош вазирнинг сўзларига кўра, харажатлар Европа Иттифоқи ёрдами ҳисобидан қопланади.

Йил бошидан бери Днестрбўйида истиқомат қилувчилар қисман иссиқлик, газ ва иссиқ сувсиз яшашга мажбур бўлишди. 2025 йилнинг 1 январига қадар минтақа Россиядан газни Украина орқали ўтувчи қувур орқали олаётган эди. Йил бошида Москва ва Киев ўртасидаги газ транзити бўйича келишув муддати тугаганидан сўнг, Россиянинг «Газпром» ширкати газ ўтказишни тўхтатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид