Абдуқодир Ҳусановга Пеп Гвардиола навбатдаги имкониятни берадими? Шомуродовнинг Европа Лигасидаги голи «Наполи»га қарши ўйинда ҳам майдонга тушишига асос бўла оладими? Кучли бешлик анонсларида ҳамюртларимизнинг ҳам номи ёзилиши нақадар хурсанд қилади одамни, шундай эмасми? Бу ҳафта ҳам Европада бир қатор қизиқарли учрашувлар бизни кутмоқда. «Ливерпул» жиддий синов учун Борнмутга ташриф буюрса, шунингдек, бизни мавсумдаги учинчи Милан дербиси кутиб турибди.

БОРНМУТ – ЛИВЕРПУЛ (1 феврал, 20:00)

Агар Англияда айни дамда «Ливерпул»га чиндан ҳам муаммо туғдириши мумкин бўлган жамоа мавжуд бўлса, у ҳам «Борнмут»дир. Ираола шогирдлари сўнгги ойларда жуда зўр спорт формасига кириб олди – 12 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия, охирги 5 ўйинда урилган 17 гол ва яна бир қатор статистик кўрсаткичларда жамоа жуда яхши кўрсаткичлар қайд этган. «Борнмут»нинг бу юксалиши аслида сўнгги пайтлардаги серия билангина боғлиқ ҳам эмас, зеро мавсум бошидан буён жамоа кўрсатилган ўйиннинг статистик асоси бўлмиш xG бўйича АПЛда 3-ўринда бораётганди. Сўнгги турларда шунчаки, «Борнмут»ни омадсизлик бироз тарк этди холос. Бундан ташқари, ғалабали серияларни тақвим билан боғлаш ҳам қийин. Масалан,шу даврда «Борнмут» «Манчестер Юнайтед», «Нюкасл», «Челси» каби жамоаларга қарши сафарда тўп сурганини таъкидлаш мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳат, қаторасига икки ўйиндан бери «Борнмут» футболчилари ҳет-трик қайд этишмоқда. Нюкаслда Жастин Клюверт бундай натижага эришган бўлса, «Ноттингҳем»га қарши Куаттара уч гол муаллифи бўлди. Умуман бу жуфтликнинг сўнгги ўйинлардаги статистикаси ажойиб: Куаттара охирги 6 ўйинда 6 гол ва 1 ассист, Клюверт эса сўнгги 4 ўйинда 5 гол ва 3 ассист қайд этишга муваффақ бўлди.

«Ливерпул» эса табиийки, еврокубокларнинг яқинлашиб келаётган бўҳрони олдидан очко йўқотмасликка, имкон қадар чемпионатдаги фарқни катталаштиришга уринадики, баҳорда хато қилиш имконияти бўлсин. Айниқса, «Арсенал» «Манчестер Сити»га қарши ўйнайдиган турда таъқибчиларнинг очко йўқотиши эҳтимоли айни муддао. Жамоа Чемпионлар Лигаси сўнгги турида ҳам деярли иккинчи таркиб билан тўп сурди, бор имконият ушбу қийин сафарга қаратилгани шубҳасиз.

Одатда ўзаро ўйинларда «Ливерпул» очкосини осонлик билан қўлга киритишга ўрганиб қолган. Ўтган мавсум ҳар икки ўйин ҳам марсисайдликларнинг йирик ғалабаси билан тугаганди. Аммо ундан аввалги мавсумда мезбонларнинг ғалабаси ҳам кўпчиликнинг, айниқса, Салоҳнинг ёдида бўлса керак. Ўшанда мисрлик футболчи пеналтини голга айлантира олмаганди. Салоҳ деганда, эсга тушадиган яна бир қизиқ воқеа – 2022/23 йилги мавсумда «Ливерпул» «Борнмут» устидан 9:0 ҳисобида ғалаба қозонган, аммо бутун учрашув ҳаракат қилган Салоҳ бирорта ҳам гол ура олмаган, ассист ҳам амалга оширмаганди.