АҚШнинг янги президенти деярли ҳар куни Россия-Украина урушини якунлаш режаси бўйича қандайдир янги гап айтмоқда. Бу ҳолатда унинг Москвага нисбатан оҳанги тобора қатъийлашиб бормоқда: жумладан, агар Москва ҳарбий ҳаракатларни бас қилмаса, нефт нархларини қулатишга ҳам ваъда берди.

Бундан ташқари, можарони тинчитиш учун Кит Келлогни махсус вакил қилиб тайинлади. Reuters ва The Wall Street нашрлари сайловгача ҳам Келлог тинчликка эришиш учун Трампга ҳам Киевга ҳам, Москвага ҳам босим ўтказиш кераклигини тавсия қилганини ёзиб чиққанди. Бир вақтнинг ўзида Трамп Зеленскийни 2022 йил бошида музокараларни бошламагани учун очиқчасига танқид қилди. Трампни лавозимига киришиши билан табриклар экан, Путин «Украина можароси» бўйича мулоқотга тайёрлигини тасдиқлади, кейинроқ Америка президенти билан «ишончга сазовор муносабатлар»га эга эканини қўшимча қилди.

Тинчлик музокаралари атрофидаги вазият борган сари таранглашиб бормоқда. Бу борада Киевдагиларнинг фикри қандай? «Медуза» махсус мухбири Лилия Яппарова Володимир Зеленский офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк билан суҳбат ўтказди.

— Сўнгги бир неча ой давомида ҳамма тинчлик музокараларини муҳокама қилмоқда. Сизнингча, у яқин орада амалга ошадими?

— Аввало, тинчлик тушунчасини аниқлаштириб олиш керак. Россия учун бу — оккупация, Украина учун эса ҳаётини сақлаб қолиш имконияти. Демократик давлатлар шунга яқинлашиб боряпти, деб ишонаман: бундай урушлар фақат тажовузкор давлатни мажбурлаш орқали тўхтатилади. Улар билан келишиб бўлмайди, уларни фақат мажбурлаш мумкин. Буни АҚШнинг янги президентининг Россияга нисбатан ўзгарган риторикасида ҳам кўряпман. Бу эса муайян умидларни пайдо қилади.