Спорт | 13:00 / 02.02.2025
42692
2 дақиқада ўқилади

«Ҳусановни айбламайман» — Гвардиола ва Де Брюйне ўзбекистонлик ҳимоячининг дебюти ҳақида гапиришди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола АПЛ 24-туридан ўрин олган «Арсенал»га қарши ўйин олдидан жамоанинг янги ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг руҳий ҳолати ҳақида гапирди.

«У машғулотларни яхши ўтказмоқда. Бор эътиборини ишга қаратган. У бу ерда ҳамма учун янги. Ҳаммаси яхши. 

У руҳан тикланишга улгурдими? Албатта. Бошқа марказий ҳимоячилар Ҳусановдек хато қилмаган деб ўйлайсизми? Жуда кўп.

Ҳа, юқори даража керак, аммо бу бироз вақт талаб қилади. Мен Абдуқодирни бирор нарсада айбламайман. Аксинча, ҳамон хатолар қилаётган ўзимни айблашим керак. Марказий ҳимоячиларни яхшилаш — менинг вазифам.

Ҳусановни ўтган иш учун омма олдида ҳам, шахсан ҳам танқид қилмадим. У атиги 1 марта машғулот ўтказиб, «Челси»га қарши ўйнади. Янги жамоада, бошқа тилда суҳбатлашиладиган мамлакатда... Бундай шароитда Премер-лигада дебют қилсам, менга ёрдам беришларини хоҳлаган бўлардим. Шундай бўлди ҳам. Менга йигитлар майдонда кўрсатган реакция жуда ёқди, улар дарҳол уни қўллаб-қувватлашди», — дейди испаниялик мутахассис.

Шунингдек, жамоа сардори Кевин де Брюйне ҳам ўзбекистонлик футболчи ҳақида фикр билдирди: «Ҳусанов энг керак вақтда ёрдамга келди. Абдуқодир бизда ҳимоячилар қолмагани сабабли «Челси»га қарши майдонга тушди. У қийин 5 дақиқани ўтказди, бироқ кейин яхши ўйнади. У буни 20 ёшида уддалай олганидан фахрланиши керак». 

Эслатиб ўтамиз, Ҳусанов ўтган ҳафтада «Челси» (3:1) билан ўйинда Премер-лигада дебют қилиб, 54 дақиқа ҳаракат қилди.

«Арсенал» — «Ман Сити» ўйини бугун, 2 феврал куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан 21:30да бошланади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид